Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Охунжон Мадалиев ҳақида «Дарё» мухбири Феруз Муҳаммад хотира кўрсатув тайёрлади.

Фото: «Дарё»

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Қиличбек Тожиев шогирди Охунжон Мадалиевнинг алмашиб қолган унвони билан боғлиқ воқеа ҳақида гапириб берди.

Охунжон билан боғлиқ энг эсда қоларли вазиятлардан бири бу — унга 1999 йили Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист унвони берилди. Унвон сентябрда Мустақиллик куни эълон қилинарди ва декабрь ойида, яъни Конституция кунида бериларди.  Фарғонада театрда тақдимот бўляпти. Ҳам концерт беришимиз керак, ҳам мукофотланганларни тақдирлаш керак. Вилоят ҳокимимиз Алишер Абдужалилович Отабоев бошчилигида мукофотлар топширилди. Охунжонга навбат келди: Охунжон чиқди, ҳокимимиз гувоҳнома ва медални Охунжонга топширди.

Охунжон мукофотни олиб тўғри мени ёнимга келиб, «Устоз, бу меники эмас, бу сизники», деб мукофотни берди. «Раҳмат» деб хурсанд бўлдим, ўшанда мен ҳали унвон олмаган эдим. Охунжон олганига жуда хурсанд бўлганман, чунки шогирдим, унинг ютуғи  — менинг ютуғим. «Устоз, ўзингиз тақинг» деди Охунжон. «Мен сенга тақиб қўяман» деб медал қутисини очсам, ишонасизми, Ўзбекистон халқ артисти унвони турибди. Гувоҳномада Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист деб кўрсатилган, лекин медалга адашиб «Ўзбекистон халқ артисти» унвонини бериб юборишибди.

Аллоҳнинг қудратини қаранг. Ўзи унвондан кейин Охунжон бор-йўғи 7-8 ой яшади холос. Бу ҳолат аслида «Сен шу унвонга лойиқсан» дегани эди-да.

Кейин «Охунжон, сен Ўзбекистон халқ артисти бўлдинг» десам, «Нимага унақа деяпсиз?» деди. Мен «Мана, кўргин» десам, ҳамма ҳайрон қолиб, гулдурос қарсаклар чалишиб, тўполон бўлиб кетган эди.

Қиличбек Тожиев, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, Охунжон Мадалиевнинг устози

Маълумот учун, Охунжон Мадалиев 1963 йил 21 май санасида Фарғона вилояти Олтиариқ тумани, Янгиараб қишлоғида дунёга келган. Охунжон Мадалиев 1999 йилда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист унвонига сазовор бўлган. Унинг «Туркман қиз», «Унутмоқ осонмас бизларни», «Кетаман», «Насибам», «Мақсадинг нима?», «Сени бугун кўрмасам бўлмас», «Жавоҳирим», «Ёлғиз аёл» каби юзлаб қўшиқлари мухлислар орасида оммалашган.

Охунжон Мадалиев 2000 йил 29 июнь куни юрак хуружидан вафот этган.