28 июнь куни пойтахтда, Алишер Навоий номидаги Давлат академик катта театрининг олд майдонида Ўзбекистоннинг истеъдодли ёшларини «Таҳсин» мукофоти билан тақдирлаш маросими бўлиб ўтади.
Комиссия илм-фан, спорт, халқаро алоқалар, маданият, инновация, тиббиёт ва бошқа соҳаларда мамлакат ривожига катта ҳисса қўшган республиканинг энг етакчи йигит-қизларини танлаб олади. Шунингдек, ёшлар учун кўп ишларни амалга оширган, жумладан, ўз ҳаётини хавф остига қўйиб, ёшлар ҳаётини сақлаб қолганлар ҳам четда қолмайди.
Ёшлар ишлари агентлиги томонидан ташкил этилаётган тақдирлаш маросими дунёга машҳур GQ, «Оскар», Forbes ва бошқа шу каби йирик тақдирлаш маросимлари форматида бўлиб ўтиши кутилмоқда. Меҳмонлар ва номзодлар қизил йўлакча орқали юради ва ғолиблар нутқ сўзлайди.
Спикерлар орасида ҳукумат вакиллари, шунингдек, халқаро ташкилотларнинг юқори лавозимли расмийлари бўлади. Улар ёшларни қўллаб-қувватлайди, уларга оқ йўл тилаб, амалга оширилган ишлар учун миннатдорчилик билдиради.
Бундан ташқари, ўзбек эстрадасининг сўнгги 20 йилликдаги юлдузларининг чиқишлари кутилмоқда. Улар тақдирлаш маросимига ташриф буюрганлар учун сюрприз тайёрламоқда. Ҳозирча бу қандай сюрприз экани ошкор қилинмаяпти.
«Таҳсин» мукофоти ёрқин, замонавий ва унутилмас воқеага айланади. Эътиборга молик яна бир тарафи — маросим телевидение орқали жонли эфирда намойиш этилади.
Ёшлар ишлари агентлиги матбуот хизмати
Изоҳ (0)