Бугун,

  • USD 11095.31
  • RUB 173.84
  • EUR 10772.44

Ўзбекистонлик UFC жангчиси Маҳмуд Муродов Russia Today нашрига интервью берди. Унда спортчи энг катта камчилиги, MMA’да ҳурмат қиладиган шахслари ва бокс бўйича собиқ чемпион Флойд Мейвезер билан қандай танишиб қолгани ҳақида айтиб ўтди.

Фото: Reuters

Фото: Reuters
Йиғинларга қанча вақт сарфлаши ҳақида

Аввало 3 ойлик лагер кутиб турибди. UFC’даги биринчи жангимга 8 кун, иккинчисига — 2 ҳафта, учинчисига 4 ҳафта тайёргарлик кўрганман. Агар ўзимни формада ушлаб турсам 6—7 ҳафта етарли, деб ўйлайман. Қаерда бўлишимдан қатъи назар — Чехиядами, Польшадами ёки Ўзбекистонда — бир кунда камида бир марта, дам олиш кунларисиз шуғулланаман. Тошкентда 2 ҳафта, тоғларда 1 ҳафта бўламан, кейин ортга қайтаман. Ундан кейин спарринг жанглари учун Польшага 6 ҳафталик муддатга учиб кетаман. У ерда Жералд Мершарт билан бўладиган жангга тайёргарлик кўраман.

Жанговар самбо — илк шуғулланган спорт тури эмаслиги ҳақида

Мен зарбаларга таяниб жанг қиламан, биринчи шуғулланган спорт турим кикбокс бўлган. Россияга келганимдан сўнг самбо билан шуғуллана бошладим. Отам автоҳалокатга учради ва акам билан 17-18 ёшимизда Томскка ишлашга кетишга тўғри келди. У ерда турнирларда қатнаша бошладим, Жаҳон чемпионатлари совриндорлари билан, мураббий Рудик Асланян билан танишдим. Спорт туфайли мен шу кунгача етиб келдим. Олдимда иккита йўл бор эди: ё спорт, ёки бекорчилик.

Нега MMA’ни танлагани ҳақида

Бу ҳақида кўп сўрашади, уларга жанг санъатининг ўзи мени танлаган, деб айтаман. Аллоҳ ҳар бир инсонга қанақадир иқтидор беради. Агар сен унинг устида шуғуллансанг, нимагадир эришасан. Албатта, кўпчилик ўз йўлини тополмаганидан шикоят қилади. Менда ҳам шундай бўлган. Мен кичик шаҳарнинг томи йўқ, иссиқ суви йўқ кичик бир залидан чиққанман. Асланян қўл остида машғулотларни бошладим, бирортасини ўтказиб юбормасликка ҳаракат қилардим, кийимларимни залда ювардим, чунки ўша базада турардим ва уй ижарага олишга имкониятим йўқ эди. Пул топиш учун эса қурилишда ишлардим.

Муваффақиятга эришгандан сўнг атрофда одам кўпайиб қолиши ҳақида

Бунга хотиржам муносабатда бўламан. Менга фарқи йўқ. Ўз йўлимни ва мени бошидан қўллаб-қувватлаб келган инсонларни биламан. Ўша пайтлари мени муҳокама қилган инсонлар ҳозир ёнимда бўлишни истайди. Мени ҳеч нарсани билмайдиган инсон деб ўйлашади. Аммо ҳаёт атрофимга керакли инсонларни жамлашни ўргатди. Аллоҳ сени синаб кўради, ундан кейин эса ўн марта яхшироқ мукофот билан сийлайди. Бундан қандай фойдаланишингни ҳам кузатиб туради. Масалан, аввалига касал бўласан, шундан сўнг кучлироқ бўласан. Бу кучни нимага сарфлашингни эса кузатиб туради. Агар сен тўғри йўлда сарфласанг яна мукофотланасан. Шунинг учун инсонларга кўмак беришга ҳаракат қиламан.

Фото: Getty Images

Фото: Getty Images

Масалан, 30 кишидан иборат катта жамоам бор, барча йиғинларга, яшашга ва овқатланишга ўзим тўлайман. Жамоадошларим яхши инсонлар, нафақат пойтахтдан, балки бутун Ўзбекистондан келган. Уларнинг барчаси нимагадир эришишни истайди, аммо бу имконият барчага ҳам насиб этавермайди. Яширмайман, менга юқори мансабли инсонлар ёрдам беради. Жамоадошларимни қўллаб-қувватлайман, вақти келса улар ҳам ёшларга ёрдам беради. Барча билан бўлишишга ўрганиб қолганман. Дўстларим бу менинг энг катта камчилигим эканини айтади.

Одамлар буни суиистеъмол қиладими? Баъзан шунақаси бўлади, лекин ҳеч кимга рад жавобини бера олмайман.

Жанговар самбони кузатаётганда қандай ҳисларни туйиши ҳақида

MMA билан 10 йилдан ортиқ вақт давомида шуғулланиб келяпман, мен учун фақат у муҳим. Лекин самбо ёқади. Бизнинг ёнимизга самбодан, жиу-житсудан чиққан одамлар келади. Фарқ сезилиб туради. Татамида жанг қилиш бошқа, MMA бошқа. Самбодан чиққан жангчилар яхши натижа кўрсатади. Болалигимда Фёдор Емеляненко мен учун эталон эди. У худди шаҳарда сайр қилгандек октагонга совуқ бош билан чиқарди. Ҳеч қанақа ҳиссиётларсиз октагонга чиқар ва ғалаба қозонарди. Бундай инсонлар миллиондан битта бўлади. Ҳозир жангчилар ғалаба қозонгандан кейин сакрашни бошлайди, жангдан олдин бир нималарни гапиради. У эса қафасда ўзини кўрсатарди. Хотиржам ва ўзига ишонган. Худди шундай қилиш лозим, инсон ўзига ишониши керак.

Емеляненко ҳозир ноёб ҳисобланадиган эски мактаб вакили эканлиги ҳақида

Албатта. У ва ота-онам мени руҳлантирувчи кишилар. Худога шукур, ота-онам ҳозир ҳеч нарсага муҳтож эмас, лекин улар учун доим нимадир қилишга ҳаракат қиламан.

Емеляненко, Ҳабиб Нурмагомедовни ҳалигача ҳурмат қиламан. Иккинчисини барчага нимага қодирлигини кўрсатиб қўйиб, сўзида туриб, кетгани учун.

Ҳабиб Нурмагомедовнинг UFC’га қайтиши ҳақида

Ундай бўлади деб ўйламайман. У Конорга ўхшаб ижтимоий тармоқларда «Мен кетдим», «Мен қайтдим» дейдиганлардан эмас.

Ҳабибнинг футболчи бўлиш қарори жиддийлиги ҳақида

Ўйлашимча, Ҳабиб бирорта жамоани сотиб олади. Балки бир нечта ўйинда майдонга тушар. Лекин бу шунчаки пиар доирасида бўлса керак. Чунки бундай хабар Америка, МДҲ давлатларига тез тарқайди, Россияда эса у энг машҳур одамлардан бири. Унинг ҳар қадамини, ҳар бир гапини кузатишади. Ҳаттоки ўзим ҳам унинг интервьюларини кузатаман ва нимадир ўрганаман.

Мейвезер уни MMA’нинг энг яхши жангчиси деб эътироф этгани ҳақида

Жуда кўп машҳур инсонлар, спортчилар менга эътибор қаратади. Масалан, Флойд билан Прагада танишганман. Менга у инсоннинг ўзини тутиши қизиқ эди. Учишимиз керак, аммо парвоз кечиктирилди. Ўшанда танишиб қолганмиз, 5-6 йилдан буён дўстмиз. Менинг машғулотларимни кўриб, энг яхши жангчи бўлишимни айтади. Флойд мени Америкага чақиряпти. Аммо у ерга боришни истамайман.

Фото: Instagram

Фото: Instagram

Айнан Флойд мени ижтимоий тармоқларда машҳур бўлишимга сабабчи бўлган. Бир куни у: «Расмингни юбор, бутун дунё сен ҳақингда билиши учун уни Instagram’га қўяман», деганди. Икки кундан сўнг машғулотларга борганимда телефоним шунчаки «портлади».

Энг яхши кўрган боксчиси ҳақида

Муҳаммад Али энг яхши кўрган боксчим бўлган ва шундай бўлиб қолади. Бу Мейвезерга ёқмаса ҳам (кулади).

Ўз вазн тоифасида UFC’даги энг жиддий рақиби кимлиги ҳақида

Менинг ўзим!

Бўш трибунада жанг қилиш қийинлиги ҳақида

Бундай ҳолга ҳали тушмадим. Лекин бунинг аҳамияти йўқ деб ҳисоблайман. Улар трибунада бўлмаса ҳам мени экран ортида қўллаб-қувватлаб турганини биламан. Нима учун жанг қилаётганимни биламан. Баъзан бозорга борганимда, 80 ёшли онахонлар жангимни кўрганини айтади. Мана шу мен учун муҳим.

Маҳмуд Муродов, UFC жангчиси

Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @Daryo_Sport24’га обуна бўлинг!

Изоҳ
Asosiy yangiliklar
Маҳаллий
Наманганда ижтимоий тармоқларда сўкинган аудиоси тарқалган туман ҳокимига ҳайфсан берилди
Маҳаллий
Туркиянинг TRT канали Лувр музейидан Катта Лангар Қуръони намойишига оид репортаж тайёрлади (видео)
Маҳаллий
Ковиднинг янги варианти болалар ва ҳомиладорларда қандай кечмоқда?