Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси ўринбосари Саида Мирзиёева Тошкентдаги мозаика паннолар туширилган бинолар эгаларини ушбу санъат асарларини сақлаб қолиш ва таъмирлашга чақирди.

Фото: Telegram / @SaidaMirziyoyeva

«Premier Hall кинотеатри биносини реставрация қилиш вақтида рассом Альфред Мазитовнинг ‘Кокилли қиз’ номли ажойиб панносига дуч келинди. Шаҳримизнинг ёрқин, ўзига хос жиҳатларидан бири, истеъдодли ва таниқли рассомлар томонидан турли даврларда яратилган мозаика паннолардир. Тошкентнинг монументал санъат ёдгорликлари шаҳримизни модернизм пойтахти деб аташга асос бўла олади. Айнан ушбу ёдгорликлар Тошкентга бетакрор шаҳар қиёфасини бахш этадиган ажойиб бир рамздир», — деб ёзган у ўзининг Telegram каналида.

Фото: Telegram / @SaidaMirziyoyeva

Унинг қўшимча қилишича, Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси ҳамда Grace архитектура бюроси монументал санъатни сақлаб қолиш ва модернистик архитектурани замонавий мегаполис билан уйғунлаштириш бўйича йўл харитасини ишлаб чиқишни режалаштирмоқда.

«Биз мозаика паннолар туширилган ноёб бинолар эгаларини ушбу санъат асарларини сақлаб қолиш ва таъмирлашга чақириб қоламиз. Тарихий меросни асраб-авайлаш келажак авлод олдидаги бурчимиздир. Токи ғанимат умрни бепарво ўтказганликда айбдор бўлиб қолмайлик. Келинг, бу бебаҳо меросни улар учун асраб қолайлик!», — деб сўзларини якунлаган Саида Мирзиёева.

Журналист Никита Макаренконинг ёзишича, бино эгаси — Кинематография агентлиги директори Фирдавс Абдуҳолиқов панно сақлаб қолиниши ва реставрация қилинишини маълум қилган.

«Ҳеч ким бу ажойиб мозаикани йўқ қилишга жазм этмасди! Айни пайтда панно кинотеатрнинг режалаштирилган дизайнини бутунлай ўзгартирмоқда. Энди кинотеатрнинг номи ҳам ушбу ажойиб санъат асари билан боғлиқ бўлиши керак, деб ўйлаймиз. Тошкентликларда таклифлар кутиб қоламиз», — деган у.

Агентлик паннони сақлаб қолиш учун бинонинг дизайни ва лойиҳасини ўзгартиришга кетадиган ҳар қандай харажатга тайёр. Унинг реставрацияси Рассомчилар уюшмаси раиси Акмал Нур билан муҳокама қилинган.

Аввалроқ Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши кўп қаватли уйлар ён деворларидаги мозаикаларга маданий-тарихий мерос мақоми беришни таклиф қилмоқчилиги ҳақида хабар берилган эди.