Москвада ўтган суткада 9056 кишида коронавирус аниқланди, бу пандемия бошидан буён қайд этилган мутлақ рекорд, деб ёзади «РБК».

Фото: «Москва» шаҳар ахборот агентлиги

Сўнгги марта Россия пойтахтида 2020 йил 24 декабрь куни инфекция юқтиришнинг энг юқори кўрсаткичи қайд этилган бўлиб, 8203 кишида COVID-19 аниқланган эди.

Москва мэри Сергей Собянин 17 июнь куни коронавирус билан боғлиқ вазият тез ёмонлашаётганини маълум қилди. Унинг аниқлик киритишича, касалланганлар сони 3 мингдан 7 минггача ўсган.

18 июнь, жума куни Собянин инфекция тарқалишининг олдини олишга қаратилган янги чекловлар тўғрисидаги фармонни имзолади. Хусусан, Москвада 1000 дан ортиқ одам иштирокидаги оммавий кўнгилочар тадбирлар тақиқланди, рақс майдончалари ва футбол мухлислари учун мухлислик зоналари ёпилмоқда.

Сергей Собяниннинг фармони қўшимча чеклов чораларини 29 июнга қадар узайтирди. Шу вақтга қадар умумий овқатланиш ташкилотларига соат 23:00 дан 06:00 гача ишлаш тақиқланади. Болалар ўйингоҳлари, спорт майдончалари, фудкортлар ва ҳайвонот боғлари ёпилади.

19 июндан 29 июнгача тажриба сифатида Москвада 10—20 та коронавирусдан холи ресторанлар очилади, улар тунда ишлаши мумкин бўлади ва у ерга одамлар QR-код орқали киритилади.

Шу билан бирга Москва мэри ўринбосари Анастасия Ракованинг маълум қилишича, ўтган бир кеча-кундузда, тахминан, 42 минг москвалик коронавирусга қарши эмланш учун рўйхатдан ўтди. Бу бир ҳафта олдинги кўрсаткичга нисбатан тўрт баравар кўп.

Москвада COVID-19’га чалиниш ҳолатларининг кескин ўсиши ортидан Россияда касалланганларнинг умумий кўрсаткичи февраль ҳолатига қайтди. Ўтган кун давомида республикада COVID-19 билан касалланган 17 262 нафар янги бемор аниқланди, бу 1 февралдан бери энг юқори кўрсаткичдир.

Москва билан бир қаторда сўнгги 24 соат ичида COVID-19 бўйича етакчилик қилган ҳудудларга қуйидагилар киради:

  • Москва вилояти — 1254;
  • Санкт-Петербург — 970;
  • Бурятия — 223;
  • Нижегород вилояти — 218.

Санкт-Петербург давлат университети математикларининг прогнозига кўра, пандемия янги тўлқинининг энг юқори нуқтаси июнь ойининг охирида бўлади — кунлик касалланиш даражаси 25 минг кишига етиши мумкин. Ёзнинг биринчи ойида фаол беморлар сони бўйича ҳам рекорд ўрнатилиши, уларнинг сони 580 мингга етиши мумкин (январь ойида 560 минг киши бир вақтнинг ўзида касалликни бошдан кечирган). Июль ойининг ўрталарига келиб касалланиш кунига 20 минг кишига тушиши мумкин, шундан кейин у пасайишда давом этади.

Умумий ҳисобда, Россияда пандемия бошланганидан бери 5 миллион 281 мингдан ортиқ кишида COVID-19 аниқланган. Беморларнинг аксарияти соғайиб кетишга муваффақ бўлган, аммо 128 445 киши касалликдан вафот этган. Тезкор штаб маълумотларига кўра, сўнгги бир кун ичида 453 киши COVID-19 қурбонига айланди, уларнинг 78 нафари Москвага тўғри келади.