«Дарё» «Хориждаги ўзбекистонликлар» лойиҳаси доирасида хорижда ўқиётган, меҳнат фаолиятини олиб бораётган юртдошларимизнинг ҳаётини ёритишда давом этади. Лойиҳанинг бу галги қаҳрамони — бир неча йиллардан бери Яқин Шарқ давлатларида ишлаб келаётган Муродали Қурбонов.

Муродали Қурбонов 1998 йил Фарғона вилояти Данғара туманида туғилган. Данғара туманидаги Транспорт коллежини тамомлаган. Ҳозирда Дубайдаги Амити университетида IT йўналишида таҳсил олади. Инглиз, рус, араб ва турк тилларини билади.

2017 йилдан бери Дубай, Қатардаги турли компанияларда ишлаган. Айни пайтда Кувайтдаги Aamal Holdings компаниясининг Diet Care ресторанлар тармоғида фаолият юритмоқда.

Муродали Қурбонов Дубайда.

Фото: Муродали Қурбонов архивидан

Ўзбекистонни икки сабаб билан тарк этганман

Биринчиси, Ўзбекистонда ўқишни хоҳламаганман. Аниқроқ айтадиган бўлсам энг катта ниятим — етарли маблағ ишлаб топиб, Лондондаги Гринвич университетида таҳсил олиш эди.

Иккинчидан, коллежни тамомлаганимдан сўнг Сингапур Менежментни ривожлантириш институтига ўқишга кирдим, аммо ўша вақтда контракт нархи икки баробарга ошгани учун ўқимасликка қарор қилдим.

Ота-онам бундан қаттиқ хафа бўлишди. Чунки бу жойга кириш учун оз мунча ҳаракат қилмагандим. Ўшанда дадам кира қилиб юрган машинасини сотиб, контрактимни тўламоқчи бўлди. Кейинги йил, албатта, грантга кираман деб рози бўлмадим ва яна тайёргарликни давом эттирдим.

Бир неча ойдан сўнг бу фикримдан қайтдим. Чунки ўзимни гўё нотўғри йўлдадек ҳис қилдим. Чет элга бориб ўзимни кашф этишни ва янги билимлар олишни хоҳладим. Яхшилаб ўйлаб, хорижга кетишга қарор қилдим.

Фото: Муродали Қурбонов архивидан

Аксарият компаниялар ёшсан деб ишга олишмасди

Интернет орқали четдан иш излашни бошладим. Бироқ тайинли бир иш тополмадим. Кейин Украинадан агентлик орқали ҳаракат қилдим. Тезда араб мамлакатларидан иш берувчилар топилди. Аммо интервьюда аксарият компаниялар ҳали ёш болалигимни айтиб, қабул қилишмади. Ўшанда ростдан ҳам 18 га ҳам тўлмаган эдим.

Кутилмаганда Дубайда янги очилган ресторанга чақиришди. Маоши 650 доллар атрофида эди. Мен рози бўлдим, аммо яна олдимда бир қатор муаммолар бор эди. Яъни оиламни бунга кўндириш ва кетиш харажатлари учун пул топиш керак эди.

Табиийки, бу жуда қийин бўлди. Ахир қайси ота-она ёлғиз ўғлини 18 ёшида чет элга ишлашга жўнатади? Бироқ бир амаллаб ота-онамни кўндирдим, лекин харажатлар учун пул йўқ эди. Онам холамдан бир ойда қайтариш шарти билан 1000 доллар қарз олиб берди. Шундай қилиб, 2017 йил Дубайга кетдим.

Муродали Қурбонов Дубайда.

Фото: Муродали Қурбонов архивидан

Қатар қироллик оиласи ва Таиланд қироличасига хизмат қилдим

Ресторанда дастлаб, официант ёрдамчиси, официант, кейинчалик назоратчи бўлиб ишладим.

Вақт ўтиб, бошқа давлатларни кўргим, яхшироқ ҳақ тўлайдиган компанияда ишлагим келди. Яна онлайн иш қидира бошладим.

Кўп ўтмай Қатардаги Al Emadi Enterprises компаниясидан иш топиб, 2018 йили мамлакатга келдим.

Хуллас, Қатардаги ҳашаматли моллда, деярли ҳамма ресторанларда ишладим. Ишим туфайли кўплаб миллионерларга, ҳатто Қатар қироллик оиласи ва Таиланд қироличасига хизмат қилдим.

Ишдан бўш вақтларимда эса араб тили курсларига бора бошладим. Атрофимдагилар пул сарфлаб боришингни фойдаси йўқ, жудаям қийин тил, барибир ўргана олмайсан деб устимдан куларди. Мен эътибор бермай қатнайвердим. Тўғри, олти ойда ўргана олмадим, лекин бир йилдан сўнг озми-кўпми одамлар билан араб тилида сўзлаша бошладим.

Муродали Қурбонов Қатарда.

Фото: Муродали Қурбонов архивидан

Бир куни кувайтлик нуфузли меҳмонлар билан суҳбатлашиб қолдим. Улар менинг ишим ва ҳаётим ҳақида сўрашди. Анча гаплашиб қолдик. Кетишларидан олдин бир киши «Менга ёқиб қолдинг. Агар сенга яхши ойлик тўланадиган иш керак бўлса менга қўнғироқ қил. Ўзим яхши иш билан таъминлайман», деб ташриф қоғозини бериб кетди.

Вақт ўтиб, компаниядан кетишимга тўғри келди. Чунки, айтилгандай бошида масъулиятли ишни беришди. Синов муддатидан ҳам ўтдим, бироқ ойлигимни кўтариб беришмади. Шундан кейин ишдан бўшашга қарор қилдим.

Кетишдан олдин менга ташриф қоғозини бериб кетган ўша инсонга қўнғироқ қилдим. У бир кун ичида менга Кувайтдаги ишга шартнома берди, кўп ўйлаб ўтирмай, унга имзо чекдим. Қатардаги иш жойимдагилар хоҳлаган пайтинг қайтиб келишинг мумкин деб визамни бекор қилишмади.

Шундай қилиб, 2019 йил декабрда Ўзбекистонга қайтиб, визамни янгиладим. 2020 йил февралда Кувайтга келдим.

Муродали Курбонов Қатарда.

Фото: Муродали Курбонов архивидан

Кувайтликлар ухлашни ва овқатланишни яхши кўради

Кувайтга ташрифим яхши бошланмаган. Бошида яшаш шароити жуда ҳам ёмон жойга тушиб қолгандим. Бир хонада бир неча миллат вакиллари билан ухлашга мажбур бўлганман.

Қолаверса, янги муҳитга кўникиш қийин кечган. Бирорта одамни танимасдим. Уч ой вақтим шаҳарни ўрганиб чиқишга кетган.

Муродали Курбонов Кувайтда.

Фото: Муродали Курбонов архивидан

Мамлакат ҳақида гапирадиган бўлсам, биринчи ҳайратлантирган нарса бу Кувайтнинг пули, яъни динорни кучли валюта экани бўлган. Бу ерда бир дона қоғоз пулга бир ой яшаш мумкин.

Қонунларига кўра, спиртли ичимлик ичиш, уни ишлаб чиқариш ёки олиб кириш қатъиян ман этилади. Айтганча, чўчқа гўштига ҳам шундай талаб қўйилган. Жазоси қамоқ.

Кувайтликларнинг энг ёққан тарафи — ўзига тўқ оилалар муҳожирлар учун уйининг олдига махсус музлатгич қўйган. Ҳар куни ортиқча овқатларни пластик идишларда солиб қўяди. Ким муҳтож бўлса олиб кетаверади. Ўзим ҳам бир неча марта қизиқиб еб кўрганман.

Рамазон ойида ҳар куни гипермаркетларда катта чегирмалар бўлади. Масжидларда текин ифторликлар тарқатилади.

Яна муборак Рамазон ойида аҳоли учун қатъий белгилаб қўйилган қоидалар мавжуд. Масалан, барча рўза тутиши керак. Ифторликкача кўчаларда сигарет чекиш, сув ичиш, овқатланиш ва бирон нима чайнаб юриш мумкин эмас. Ходимларга кунда олти соатгина ишлашга рухсат берилади.

Муродали Қурбонов Кувайтда.

Фото: Муродали Қурбонов архивидан

Ёқмаган жиҳати эса халқи овқатланишни жуда ҳам яхши кўради. Шунинг ҳисобига мамлакатда ортиқча вазнли инсонлар ҳаддан ташқари кўп.

Турмуш тарзи зерикарли. Мен бу ерни осон ҳаётда яшашни хоҳлайдиган инсонлар мамлакати деган бўлардим. Чунки озиқ-овқат маҳсулотлари жудаям арзон, ойлик маошлар ўз халқи учун баланд.

Кувайтликларнинг яна бир ёқмаган тарафи аксарияти димоғдор.

Шаҳарда дўстларим кўп эмас. Чунки атрофим дунёқараши паст, мақсадсиз фақат ойлик олиб, овқат еб, ухлашни яхши кўрадиган инсонларга тўла.

Шу боис ишдан бўш пайтларимни дастурлаш бўйича билимларимни мустаҳкамлаб, бизнес китоблар ўқиш билан ўтказаман. Университетдан берилган дарсларимни қиламан. Шунингдек, югуриш спорти билан шуғулланаман.

Муродали Курбонов Diet Care ресторанидаги иш жойида.

Фото: Муродали Курбонов архивидан

Ойликлар 2 минг доллардан 6 минг долларгача

Иш ҳақлари лавозимларга қараб белгиланади. Агар давлат ишхонасида ишласангиз ойликлар баланд — 2 минг доллардан 6 минг долларгача. Шифокорлар ойлиги жудаям баланд. Тоифасига қараб камида 3 минг доллардан бошланади.

Хусусий бизнесда ишлайдиган муҳожирларнинг энг паст ойлиги 600 доллар, яна лавозимига қараб ошаверади.

Маош билан нарх-наволар мутаносиб. Айтайлик, ойлигимнинг 10 дан бир қисмига 30 кун давомида яхши яшасам бўлади. Озиқ-овқат, интернет, кийим, транспорт ва бошқа харажатлар учун бемалол етиб, ортиб ҳам қолади.

Мамлакат аҳолиси импортдан келган озиқ-овқат билан яшайди. Бу ер чўл зонаси бўлишига қарамасдан озиқ-овқатлар негадир арзон.

Бир киши учун ўртача ойлик харажатлар 60 динор, яъни 200 долларга бемалол ҳаёт кечирса бўлади.

Ҳамкасбларимга ёшимни айтмайман

Ҳозирда Кувайтдаги биринчи рақамли парҳезбоб тайёр овқатлар ва органик қуруқ маҳсулотлар ишлаб чиқарадиган компанияда назоратчи бўлиб ишлайман.

Пандемия даврида сотувлар бўлимига ишга ўтказишганди. Етти ойдан сўнг ИТ соҳасини яхши тушунганим ва тил билганим учун лавозимимни оширишди. Яшаш жойим, ойлик маошим сезиларли даражада ўзгарди.

Айни пайтда шартнома бўйича ойлигим 1600 доллар. Иккинчи ишим, яъни ресторанларга ичимлик менюси тузганим ва барменларга тренинг ўтганим учун алоҳида ҳақ тўлашади.

Diet Care ресторанидаги ичимликлар.

Фото: Муродали Қурбонов архивидан

Бу ерда катта имкониятлар яратилган. Фақат ҳаракат қилиш керак, холос.

Ишда ҳамкасбларимга ёшимни айтмайман. Сабаби бирга ишлайдиганларимнинг ҳаммаси 30 ёшлар атрофида. Мен бўлса 23 ёшдаман. Лавозимим эса уларникидан баланд. Ўзларини ёмон ҳис қилмасликлари учун ўзимни 27 ёш деб таништираман.

Яшаш жойимга келсак, ҳозир тўрт юлдузли меҳмонхонада яшайман. Иш жойим меҳмонхона харажатларини қоплайди. Аммо овқат тайёрлашга шароит йўқ. Асосан сотиб оламан ва ишхонадан овқатланаман. 1,5 йилдан бери бирорта ўзбек миллий таомларини емадим. Овқат таъмлари ҳам эсимдан чиқиб кетган.

Муродали Курбонов Diet Care ресторанидаги иш жойида.

Фото: Муродали Курбонов архивидан

Кувайтга келмоқчи бўлганлар учун маслаҳатлар

Энг камида инглиз тилини билишлари, қўлида яхши ҳунари ёки ўз соҳасида икки йиллик тажрибаси бўлиши керак. Шунингдек, араб тилида суҳбатлашишни ўрганиб келишларини маслаҳат бераман.

Кувайтга келиб бирданига катта ойликли ишга кираман деган хом хаёлга бормаслик керак. Бу ерда фақат ўз ишини яхши биладиган мутахассисларгагина катта ойлик тўлашади. Келмоқчи бўлганларга жиддий маслаҳатим 1000 доллардан кам маошли ишларга келманглар. Сабаби бу суммани Ўзбекистонда ҳам ақлни ишлатиб топса бўлади.

Кувайтда ўзбеклар жудаям кам. Деярли бир йил юртдошларимиз борлигини билмасдан юрдим. Кейинчалик Facebook’да бу ерда шифокор бўлиб ишлайдиган тошкентлик ака билан танишиб олдим. У мени бошқа ўзбекистонлик докторлар ва элчихонада ишлайдиганлар билан таништириб қўйди. Ҳозир улар билан ҳафтада бир кун йиғилиб, футбол ўйнаб турамиз.

Фото: Муродали Қурбонов архивидан

Оилам ҳақида

Оиламиз тўрт кишидан иборат: ота-онам ва опам ва мен. Опам турмушга чиққан. Битта фарзанди бор. Ойим бош ҳисобчи бўлиб ишлайди. Отам баъзида ҳайдовчилик қилади. Ҳозир асосан боғимиздаги меваларни парвариш қиляпти.

Ўзбекистонга бутунлай қайтиш режамда йўқ

Тажрибам ва билимим билан қаттиқ ҳаракат қилсам ҳозирги маошимни Ўзбекистонда ҳам топишим мумкин. Бироқ ундай ниятда эмасман. Сабаби ишимни, ўқишимни, қолаверса, тугатишим керак бўлган режалаштирилган ишларим бор.

Айни вақтда асосий мақсадим: кўпроқ билим олиш ва тез орада ўз бизнесимни бошлаш. Ҳозирча бу ҳақда кўп маълумот беролмайман.

Фото: Муродали Қурбонов архивидан

Яқин келажакдаги энг катта ниятим магистратурани Лондондаги Гринвич университетида ўқиш. Ҳозир бунинг учун ҳаракат қиляпман.

Кувайтдаги ҳомийим режаларимни қўллаб-қувватлайди ва амалий кўмак беришга тайёр.

Пандемиядан сўнг Қатар ва Дубайда янги ресторанлар очишни режа қилиб қўйганмиз. Ўзбекистондан келиб, келажагини қурмоқчи бўлган интилувчан ёшларга иш беришга тайёрмиз.

Бир неча ойлардан сўнг Ўзбекистонга таътилга ва армияда йигитлик бурчимни ўташга бориш режамда бор. Аммо Фарғонада кўп қола олмайман. Сабаби оиламдагилар уйлантириб қўйиш ҳаракатида. Шунинг учун тезроқ Кувайтга қайтишим керак.

Ўзбекистонга бутунлай қайтиш эса ҳозирги режаларимда йўқ. Сабаби мен бунга ҳали тайёр эмасман.

Хонзодабегим Аъзамова суҳбатлашди

Мавзуга доир: