Бугун,

  • USD 11095.31
  • RUB 173.84
  • EUR 10772.44

Президент Шавкат Мирзиёев Сурхондарё вилоятига ташрифи давомида журналистлар билан учрашувда Мозори-Шариф—Кобул—Пешавор темир йўли қурилиши аҳамияти, лойиҳанинг иқтисодий, географик, сиёсий жиҳатдан фойдаси ва бошқа тафсилотлари ҳақида гапирди. Бу ҳақда «Gazeta.uz» хабар бермоқда.

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

Давлат раҳбарининг таъкидлашича, Ўзбекистон учун «ҳар доим энг муҳим вазифалардан бири чегаралар узоқ йиллар давомида ёпиқ бўлганига қарамай, денгиз портларига чиқиш бўлган».

«Мен буни аср лойиҳаси деб атайман... Хабарингиз бор, Тошкентда Ўзбекистон, Афғонистон ва Покистон вакиллари ушбу ‘аср лойиҳаси’га имзо чекди. Орадан 2—3 ой ўтиб мен Жаҳон банки раҳбарияти билан учрашдим, улар биринчи қадамлар — лойиҳалаш ишлари учун 35 миллион доллар ажратишга рози бўлди», — деган Президент.

Унинг сўзларига кўра, йирик банклар бундай лойиҳалар учун пухта таҳлиллардан сўнг маблағ ажратади. Унга кўра, «Жанубий ва Марказий Осиёни боғлайдиган йўл, сиёсий ва иқтисодий жиҳатларни ҳисобга олган ҳолда, Афғонистон иқтисодиётининг ривожланишига олиб келади». Шавкат Мирзиёевнинг қўшимча қилишича, барча транзит пуллари Афғонистон халқига тушади, Ўзбекистонга фойдаси — Эрон ва Покистон портларига йўллар очилишидир.

«Тасаввур қилинг, битта ўзбек контейнерини Эрон ёки Покистон орқали ташиш 3—4 баравар арзонлашади, вақт 4—5 баравар қисқаради... Экспорт қилиш учун йўл керак. Йўл қисқа ва арзон бўлганида, барқарор иқтисодий ривожланиш таъминланади, бу тадбиркорларга фойда олиб келади. Улар Тошкентга бормайди, аксинча, тошкентликлар бу ерга келади. Мен халқаро савдо марказини қуришни нега буюрган эдим — афғон халқи бизнинг маҳсулотларимизни воситачилар орқали эмас, балки биринчи қўлдан сотиб олишлари учун», — дея тушунтирган давлат раҳбари.

«Улар менга: ‘Ҳурматли президент, бизга очиқ йўл ташкиллаштириб беринг, биз сизлардан машиналар, ускуналар ва озиқ-овқат сотиб оламиз», дейишди... Шунинг учун улар ҳам буни кутмоқда», — деб қўшимча қилган Шавкат Мирзиёев.

Президент, шунингдек, Ўзбекистон—Қирғизистон—Хитой ва Мозори-Шариф—Кобул—Пешавор темир йўллари мамлакат тарихида қоладиган энг йирик инфратузилма лойиҳаларидан бирига айланишини таъкидлаган.

Россия томоннинг ушбу лойиҳага бўлган қизиқишига тўхталар экан, Шавкат Мирзиёев темир йўл ётқизишнинг энг мақбул вариантларини яна бир бор муҳокама қилиш ва унга техник хизмат кўрсатишни тасдиқлаш учун яқин орада Ўзбекистон, Россия, Афғонистон ва Покистон ҳукуматлари йиғилишини маълум қилди.

«Келажакда ёш тадбиркорларимиз биз каби қийналиб юрмайди. Ҳозир тадбиркорларимиз қайси йўлдан ўтмасин пул тўламоқда, бошқа йўл йўқ...», — деган давлат раҳбари.

Эслатиб ўтамиз, 2 февраль куни Ўзбекистон—Афғонистон—Покистон ўртасидаги юқори даражадаги музокаралар натижалари бўйича Ўзбекистонга бошқа бозорларга чиқиш учун «энг қисқа ва энг арзон йўл» бўладиган Мозори-Шариф—Кобул—Пешовар темир йўлини қуриш бўйича қўшма ҳаракатлар режаси («Йўл харитаси») қабул қилинган.

Темир йўл қуриш лойиҳасини молияштириш учун Ўзбекистон, Афғонистон ва Покистон давлат раҳбарлари номидан қўшма мурожаати асосида АҚШ Халқаро тараққиёт молия корпорациясининг ва бошқа халқаро молия институтлари маблағларининг жалб этилиши кўзда тутилган.

Темир йўл қурилиши 2022 йилнинг сентябрь ойида бошланиши режалаштирилган.

Изоҳ
Асосий янгиликлар
Маҳаллий
Андижонда кредит маблағларини ўзлаштирган раҳбарларга жиноят иши қўзғатилди
Маҳаллий
Ўтган йили биржа бозорларимиз рекорд даражада ўсди — Республика валюта биржаси
Иқтисодиёт
“Россияга қарши энг яхши стратегик жавоб”: Украина фармацевтика компанияси Ўзбекистондаги “Река-Мед”ни сотиб олди