Туркияда коронавирус тарқалиши секинлашаётгани туфайли мамлакат карантин чекловларини юмшатишнинг навбатдаги босқичига ўтмоқда. Бу ҳақда Туркия президенти Ражаб Эрдўғон айтиб ўтди, деб ёзади «РБК».

Фото: «Дарё»

Хабарга кўра, эндиликда мамлакатдаги комендантлик соати иш кунлари, шунингдек, шанба куни соат 22:00 дан бошлаб амал қилади ва соат 05:00 да тугайди. Илгари иш кунлари комендантлик соати 21:00 дан бошланган, шанба кунлари эса кун-у тун амал қилган.

Янги босқичда якшанба кунлари ҳаракатланиш чекловлари сақланиб қолади.

Шунингдек, умумий овқатланиш корхоналари, спорт заллари, кўнгилочар боғлар соат 07:00 дан 21:00 гача очиқ бўлиши, олиб кетиш хизмати эса ярим тунгача ишлаши мумкин.

Бундан ташқари, Туркияда санитария талабларига амал қилган ҳолда ёпиқ бинолар ва очиқ майдонларда тўй маросимлари ўтказишга қайта рухсат берилади.

Аввалроқ Эрдўғон Туркия ҳукумати коронавирус эпидемиясини жиловлашга муваффақ бўлгани ҳамда мамлакатдаги вазиятни нормаллаштириш бўйича 1 июндан кейин бошланадиган иккинчи босқич муҳокамаси ўтказилгани ҳақида айтганди. 

Апрель ойи ўрталарида Туркия ҳукумати COVID-19’га чалиниш ҳолатининг ортиши муносабати билан чеклов чораларини кучайтирди. Мамлакатда комендантлик соати давомийлиги соат 19:00 дан 05:00 гача узайтирилди. Май ойида Туркияда янги чора-тадбирлар кучга кирди, унга кўра, дўконларда фақат асосий озиқ-овқат ва гигиена маҳсулотларини сотишга рухсат берилди.

17 майдан мамлакатдаги карантин режими босқичма-босқич юмшатила бошлади.