Бокс бўйича катталар ўртасидаги Осиё чемпионатининг финал баҳслари 31 май, душанба куни бўлиб ўтди.
Осиё чемпионатининг марказий жанги +91 кг вазн тоифаси вакиллари Баҳодир Жалолов ва Камшибек Кункабаев ўртасида бўлиб ўтди. Унда ўзбекистонлик боксчи Қозоғистон вакилини 5:0 ҳисобида мағлуб этди.
Шу тариқа Баҳодир Осиё чемпионати олтин медалига эга чиқди. Қайд этиш жоиз, бу Баҳодир ва Камшибек ўртасидаги ўзаро 6-жанг эди. Ҳисоб 4:2 Баҳодир фойдасига.
Аввалроқ Нодиржон Мирзааҳмедов (-49 кг), Шаҳобиддин Зоиров (-52 кг), Бобоусмон Ботуров (-69), Саиджамшид Жаъфаров (-75) ва Дилшодбек Рўзметов (-81) финални ғалаба билан якунлаб, Осиё чемпионлигини қўлга киритганди. Миразиз Мирзахалилов (-56 кг) эса финалда мўғулистонлик боксчига мағлуб бўлганди.
Ўзбекистонлик боксчилар Осиё чемпионатида 6 та олтин, 1 та кумуш ва 3 та бронза медални қўлга киритди. Умумжамоа ҳисобида ўзбекистонлик боксчилар биринчи ўринни эгаллади.
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @Daryo_Sport24’га обуна бўлинг!
Изоҳ (0)