Туркиянинг Истанбул шаҳридаги Босфор бўғози маъмурияти нефть қуювчи танкернинг аварияга учрагани сабабли кемалар ҳаракатини чеклаб қўйди. Танкер соҳилдан 300 метр узоқда тўхтатилган, деб ёзмоқда Sabah.
249 метрли RAVA танкери шатакчи кема ёрдамида бўғоз орқали сузиб ўтган. Кутилмаганда унинг двигатели ишламай қолган ва кема қирғоққа яқинлаша бошлаган.
Соҳил хавфсизлиги бош бошқармасининг шатакка олувчи кемалари танкерни тўхтатишга ёрдам берди.
Хавфсизлик нуқтаи назаридан бўғоз орқали ҳаракатланиш тўхтатилди. Танкерга қўшимча шатакка олувчи кемалар ёрдамга келмоқда.
Аввалроқ Нигериянинг Кебби штатида Нигер дарёси бўйлаб йўловчиларни олиб кетаётган кема ағдарилиб кетгани ва бунинг натижасида 156 киши бедарак йўқолгани, улар чўкиб кетган деб ҳисобланаётгани ҳақида маълум қилинганди.
Шунингдек, апрель ойида Бангладешда бортида 50 киши бўлган қайиқнинг бошқа паромга тўқнашиб кетиши натижасида йўловчиларнинг беш нафари ҳалок бўлган эди.
Россиянинг Ленинград вилояти, Отрадной шаҳридаги «Пелла» кемасозлик заводида қурилаётган «Скорпион» траулери (балиқ овлаш кемаси) эса синовлар пайтида ағдарилиб кетгани ҳақида хабар берилган.
Изоҳ (0)