Ижтимоий тармоқларда Тошкент вилояти Ўрта Чирчиқ тумани ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи Асқар Турдиқуловнинг ходим билан мулоқоти ёзилган аудиоёзув тарқалганди. Унда ходим бошқарма бошлиғини мажбурий меҳнатга жалб қилганликда айблаган. Асқар Турдиқулов эса ўз навбатида ходимни қўпол сўзлар билан ҳақорат қилган.
Тошкент вилояти Бандлик бош бошқармаси Давлат меҳнат инспекцияси ижтимоий тармоқда тарқалган аудиоёзув бўйича ўрганиш олиб борди.
Ўрганиш давомида маълум бўлишича, Тошкент вилояти Ўрта Чирчиқ тумани Ободонлаштириш бошқармасининг ходими Ш.Қ. 2021 йил 29 апрель куни Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига мажбурий меҳнатга жалб этилганлиги юзасидан мурожаат қилган.
Ҳолат ўрганилиб, мурожаатчининг хабари ўз тасдиғини топган ва Ўрта Чирчиқ тумани Ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи Асқар Турдиқуловга нисбатан 2021 йил 19 май куни Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 49-моддасига (меҳнат ва меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш) асосан маъмурий баённома расмийлаштирилган.
2021 йил 26 май куни Ўзбекистон Меҳнат кодексининг 97-моддаси 1-қисмига асосан Асқар Турдиқулов билан меҳнат шартномаси бекор қилинган.
Изоҳ (0)