Актёр, режиссёр Алишер Узоқов Маъмуржон Узоқов номидаги Марғилон миллий истироҳат боғидан бобосининг номи олиб ташлангани, бу унга жуда қаттиқ таъсир қилгани ҳақида гапириб, ушбу масала юзасидан Президент Шавкат Мирзиёевга мурожаат йўллаганди.

Маданият вазири Озодбек Назарбеков 24 май, душанба куни «Тошкент 5 ташаббус ҳаракати» ёшлар фестивали доирасида ОАВ вакилларига берган интервьюсида Алишер Узоқов кўтарган масалага нисбатан ўз муносабатини билдирди. Бу ҳақда «Дарё» мухбири Миролим Исажонов хабар бермоқда.

Фото: Маданият вазирлиги ахборот хизмати

«Марғилондаги боғ масаласи ҳақида гапирадиган бўлсам, у ўз даврида чойхоналар билан безалган бир боғ бўлган. Ҳозирги кунда эса мутлақ ўзгарган, янгидан барпо қилинган. Бугунги замон даражасида жиҳозланган, умуман, бошқа боғ яратилган. Боғнинг ичида Эркин Воҳидов ижод мактаби ва Эркин Воҳидов музейи жойлашган. Шу боис бугун боғни Маъмуржон Узоқов номига қайтариш учун мазмунини бутунлай ўзгартириш керак, боғни қайтадан реформа қилиш ва бошқа ишларни амалга ошириш лозим.

Маъмуржон Узоқовни ҳам ўзбек халқининг фахрли бир санъаткори сифатида ҳаммамиз тан оламиз. Эркин Воҳидов ҳам, Маъмуржон Узоқов ҳам дарғаларимиздан бири. Бу йил Маъмуржон Узоқов юбилейини нишонлаш режалаштирилган. Айни пайтда Маданият вазирлиги Маъмуржон Узоқовнинг номини абадийлаштириш мақсадида бир қанча таклифлар тайёрлаяпти. Ҳукуматга ва Президент Администрациясига шу таклифларимизни киритамиз. Балки бирор таълим муассасасига Маъмуржон Узоқов номини берармиз. Бу бўйича режалар қиляпмиз. Ўйлайманки, таклифимизни ҳукуматимиз қўллаб-қувватлайди, ҳеч ким бу фикримизга қарши чиқмайди. Бу масала ҳам ўз ечимини топади, албатта.

Ҳозир боғга Маъмуржон Узоқов номини қайтариш ҳам катта иш талаб қилади. Боғ ичида юқорида айтганимдек, Эркин Воҳидов билан боғлиқ жуда катта муассаса турибди. Уларни боғдан чиқариб ташлаш ортиқча меҳнат ва иш бўлади. Менимча, бу борада ортга қайтмаслик керак. Лекин бошқа ечимини топиш лозим. Бу бўйича ҳозир ҳаракатларимиз кетяпти», — деди Назарбеков.