Фарғона вилояти Қува туманидаги «заправка»да «Жигули»нинг газ баллони портлаб кетди. Бу ҳақда ЙҲХББ матбуот хизмати хабар берди.

Фото: ЙҲХББ матбуот хизмати

Маълум қилишича, воқеа 22 май куни соат 19:20 ларда ушбу автомобилга газ тўлдирилаётганда юз берган.

Оқибатда яқин атрофда турган машина ҳайдовчиси 32 ёшли Т.Ф. ва 58 ёшли А.Х. тан жароҳати билан шифохонага олиб кетилган.

Ҳодиса юзасидан туман ИИБ ЙҲХБ ва ФВБ томонидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Шу куни Қашқадарё вилояти Чироқчи туманидаги автомобиль йўли бўйлаб ҳаракатланаётган Nexia’нинг газ баллони портлаб кетганди. 22 апрелда эса Қашқадарёда метан «заправка»да турган Nexia’нинг газ баллони портлаши оқибати бир киши ҳалок бўлганди.

Шунингдек, Сирдарёда метан «заправка»да турган Damas’нинг газ баллони, Бухорода кўчада ҳаракатланиб кетаётган «Жигули»нинг газ баллони, Бухорода Matiz’нинг газ баллони портлаши оқибатида машиналарга зарар етгани тўғрисида хабар берилганди.