Ўзбекистон—Тожикистон чегарасидаги «Қудуқли» (Ўзбекистон) ва «Пахтаобод» (Тожикистон) темир йўл назорат-ўтказиш пунктларида 18 май куни иккита чегаравий ҳамкорлик идораси очилди, деб хабар берди Asia-Plus.

Фото: Asia-Plus

Идоралар БМТ Гиёҳвандлик ва жиноятчиликка қарши курашиш бошқармаси (UNODC)нинг Марказий Осиёдаги минтақавий ваколатхонаси кўмагида Ўзбекистон ва Тожикистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Улар БМТ Гиёҳвандлик ва жиноятчиликка қарши курашиш бошқармасининг Марказий Осиё давлатлари учун «Трансмиллий уюшган жиноятчилик, гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний айланмасига қарши курашиш ва терроризмдан огоҳлантириш» дастури доирасида шимолий йўналиш бўйлаб афғон гиёҳванд моддаларининг ноқонуний айланмасига қарши курашишга қаратилган трансчегаравий ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича компоненти доирасида ташкил этилди.

Идораларни ташкил этиш бўйича ишлар АҚШ Давлат департаментининг Гиёҳванд моддаларга қарши курашиш ва ҳуқуқни татбиқ этиш халқаро масалалари бўйича бюроси (INL) томонидан молиялаштирилган.

UNODC’нинг Марказий Осиё бўйича минтақавий вакили Ашита Миттал Ўзбекистон—Тожикистон чегарасидаги темир йўл назорат-ўтказиш пунктларида чегаравий ҳамкорлик идораси очилгани билан ҳар икки давлат томонларини табриклаб, ушбу ташаббус икки давлат ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ўртасидаги самарали ҳамкорликни янада ривожлантиришга хизмат қилиши ва пировардида чегараларнинг хавфсизлигини оширишга хизмат қилишига умид билдирган.

Фото: Asia-Plus

Asia-Plus маълумотларига кўра, тожик-афғон, ўзбек-афғон, ўзбек-тожик, қирғиз-тожик, ўзбек-қирғиз, қирғиз-қозоқ ва ўзбек-қозоқ чегараларида 19 та шундай идора ташкил этилган.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йилнинг март ойида БМТнинг Наркотик ва жиноятчиликка қарши кураш бўйича бошқармасининг Марказий Осиёдаги минтақавий ваколатхонаси Ўзбекистонда янги ташкил этилган Чегара алоқа бўлинмалари ва идоралараро мобил гуруҳлар учун ускуналар тақдим қилганди.