Ижтимоий тармоқларда Қўқон шаҳридаги ёнилғи қуйиш шохобчаларининг бирида портлаш ва ёнғин содир бўлгани ҳақидаги видеолар тарқалди. «Дарё» мухбири ҳодиса тафсилотларига аниқлик киритиш мақсадида Фарғона вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ахборот хизмати билан боғланди.
Маълум қилинишича, мазкур ҳодиса 2021 йил 19 май куни тахминан соат 14:45 да Қўқон шаҳар Оқтош кўчасида жойлашган УзГазОил автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчасида содир бўлган.
АЁҚШ ҳудудига ёнилғи олиб келган ГАЗ-53 ёнилғи ташиш автомобилида ёнғин келиб чиққан. Бир неча дақиқа ичида ҳодиса жойига ФВВ ҳудудий бошқармасининг саккизта ёнғин-қутқарув экипажи етиб келган. Ёнилғи ташувчи автомашинада содир бўлган ёнғин зудлик билан бартараф этилган. Ҳодиса оқибатида жароҳат олганлар ва қурбонлар йўқлиги маълум қилинган.
Айни вақтда ҳодиса сабабларига аниқлик киритиш мақсадида суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Изоҳ (0)