Самарқанд вилояти Паст Дарғом туманидаги каналдан 17 ёшли қизнинг мурдаси топилгани ҳақида хабар тарқалганди. Ҳолат юзасидан вилоят прокуратураси ахборот хизмати маълумот берди.

Қайд этилишича, 11 май куни Паст Дарғом тумани «Чандир» маҳалласида яшовчи Р.Х. туман прокуратурасига ариза билан мурожаат қилиб, вояга етмаган, 2004 йилда туғилган С.Х. уйидан чиқиб кетиб, қайтиб келмасдан, бедарак йўқолганини билдириб, уни топишда амалий ёрдам сўраган.

Туман прокуратураси бошчилигидаги тергов-тезкор гуруҳи томонидан олиб борилган текширув ҳаракатлари давомида 12 май куни С.Х.нинг мурдаси туманнинг «Дўстлик» маҳалласи ҳудудидан оқиб ўтувчи Эски Анҳор каналидан топилган.

С.Х.нинг бедарак йўқолиб, ўлик ҳолатда топилгани юзасидан хизмат текширувлари ва судга оид тиббиёт экспертизаси тайинланиб, воқеанинг бевосита гувоҳи бўлган ёки ундан хабардор бўлган шахслар доирасини аниқлаш ва улардан тушунтириш олиш ишлари олиб борилмоқда.

Суд-тиббий экспертизасининг дастлабки маълумотига кўра, марҳуманинг ўлими сувга чўкишдаги механик асфиксиядан келиб чиққан. С.Х.нинг қизлик пардаси бутунлиги, бузилмагани, қизлик пардасини бузмасдан туриб, жинсий алоқа қилишнинг имкони йўқлиги, шунингдек, марҳуманинг жинсий аъзоларида тан жароҳатлари йўқлиги маълум қилинган.

Ҳозирда ҳолат бўйича Паст Дарғом туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари давом эттирилмоқда, текширув ҳаракатлари вилоят прокуратураси томонидан назоратга олинган.

Бундан аввал Андижонда зўрланган 18 ёшли келин воқеаси Сенат назоратига олгани, Тошкентдаги Анҳор каналидан эркак жасади топилгани ҳамда Хоразмда 19 ёшли келин ўзини осиб ўлдиргани ҳақида хабар берилганди.