УЕФА Чемпионлар Лигаси 2020/21 йилги мавсуми финал учрашуви ўтказиладиган жой ўзгарганини маълум қилди.
Ўйин Португалиянинг Порту шаҳридаги «Драгау» стадионида бўлиб ўтади. Аввалига ушбу баҳс Туркиянинг Истанбул шаҳрида ўтиши белгиланганди.
Мазкур учрашувга финал иштирокчилари — «Челси» ва «Манчестер Сити»нинг 6 минг нафардан мухлислари ташриф буюриши мумкин бўлади.
Финал ўтказиладиган жойнинг ўзгаришига Туркия коронавирус билан боғлиқ ҳолат туфайли Буюк Британия «қизил рўйхат»идан жой олгани сабаб бўлган. Британияда Туркиядан қайтадиган ҳар бир шахс ўн кун давомида карантинда сақланиши мажбурий қилиб қўйилган.
Чемпионлар Лигасининг финал учрашуви 29 май куни бўлиб ўтади. Аввалроқ ушбу учрашувни испаниялик Матеу Лаос бошчилигидаги ҳакамлар гуруҳи бошқариб бориши маълум бўлганди.
Эслатиб ўтамиз, коронавирус сабаб 2019/20 йилги мавсум финали ҳам Туркиядан олиб қўйилганди.
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @Daryo_Sport24’га обуна бўлинг!
Изоҳ (0)