«Ўзбекистон товар-хом ашё биржаси»да 1 тонна Аи-80 маркали бензин нархи қарийб 3 фоизга кўтарилди, дея хабар бермоқда биржа матбуот хизмати.

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

Қайд этилишича, 2021 йил 3—9 май кунлари товар-хом ашё биржасига 30 291 тонна Аи-80 маркали автомобиль бензини қўйилди ва улардан 18 348 тоннаси, яъни 60,6 фоизи сотилди.

Кўриб чиқилаётган даврда Аи-80 маркали автомобиль бензинининг ўртача кунлик нархи бир тоннаси учун 6 миллион 503 минг 600 сўмдан 6 миллион 680 минг 900 сўмгача (2,7 фоизга) кўтарилди.

Ушбу даврда Аи-80 маркали автомобиль бензинининг ўртача ҳафталик котировкаси 6 миллион 619 минг 900 сўмни, Аи-91 эса 7 миллион 665 минг 600 сўмни ташкил этди.

Турли манбаларда келтирилишича, автомобиль бензинининг бир тоннаси ўртача 1293—1370 литрни ташкил қилади.

Аввалроқ Тошкентда барча маркалардаги бензин нархи кўтарилгани тўғрисида хабар берилганди.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йил 1 майдан бошлаб Аи-80 маркали автомобиль бензини ва дизель ёқилғиси (шу жумладан, ЭКО маркали дизель ёқилғиси) чакана нархларини давлат томонидан тартибга солиш бекор қилинди.