Ўзбек миллий мақом санъати марказини Тошкентнинг Шайхонтоҳур туманидаги Олмазор кўчасида қуриш режалаштирилмоқда. Лойиҳани амалга оширишга 93 миллиард сўм (Марказий банкнинг 11 майдаги курсига кўра, 8,8 миллион доллар)гача маблағ ажратиш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Давлат харидлари порталидаги маълумотларига таяниб «Gazeta.uz» хабар берди.
Маданият вазирлиги ҳузуридаги «Ягона буюртмачи хизмати» инжиниринг компанияси 16 март куни тендер эълон қилди ва 15 апрель куни якунлади. Тендер ғолиби ҳозирча маълум қилинмаган. Лойиҳа давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади. Уни амалга ошириш муддати 400 кунни ташкил этади.
Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳузуридаги лойиҳа ва импорт шартномаларини комплекс экспертиза қилиш марказининг (2020 йил июлдаги) хулосасида айтилишича, 93 миллиард сўм — бу лойиҳанинг энг юқори қиймати.
Ўзбек миллий мақом санъати марказини давлат муассиси тарзида ташкил этиш Президентнинг 2017 йил ноябридаги қарорида кўзда тутилган эди. Унинг мақсади этиб ўзбек мақом санъатини чуқур ўрганиш, у билан боғлиқ ижро мактаблари ва анъаналарни янги босқичда равнақ топтириш, мақомнинг «олтин фонди»ни яратиш ва бойитиш, шунингдек, уни Ўзбекистон ва чет элда кенг тарғиб қилиш кўрсатилган.
Президентнинг 2020 йилнинг январидаги қарори билан, Мақом марказининг қурилиши маъмурий, муҳандислик-инфратузилма, сув хўжалиги, шунингдек, алоҳида муҳим ва тоифаланган объектларни қуриш ва реконструкция қилиш манзилли дастурига киритилган. Қурилишни амалга ошириш муддати этиб 2020−2022 йиллар этиб белгиланган.
Мавзуга доир: Ўзбекистонда «Мақом» китоб-альбоми нашр этилди
Изоҳ (0)