Тожикистон терма жамоаси бош мураббийи Усмон Тошев «Бухоро» футбол клуби бош директори этиб тайинланди. Бу ҳақда клуб матбуот хизмати маълум қилди.
«Бухоро» клуби қароргоҳида 10 май куни ўтказилган навбатдан ташқари йиғилишда Тошев жамоанинг бош директори лавозимига тайинланган.
Усмон Тошев айни вақтда Тожикистон миллий терма жамоаси бош мураббийи ҳисобланади. Унинг бу лавозимни тарк этгани ҳақида ҳозирча расман маълум қилинмаган.
Маълумот учун, Тошев мураббийлик фаолияти давомида «Бухоро», «Насаф», «Шўртан», «Спартак Тошкент», «Аталан» (Афғонистон), «Андижон», «Туфан Херируд» (Афғонистон) каби клубларни бошқарган. Шунингдек, у Ўзбекистон миллий терма жамоасида ёрдамчи мураббий, Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоасида бош мураббий сифатида ишлаган. Тошев 2018 йилдан буён Тожикистон миллий ва Олимпия терма жамоалари бош мураббийи ҳисобланади.
Эслатиб ўтамиз, январь ойида «Бухоро» клуби бош мураббийи сифатида Жамшид Саидов ўрнига Даврон Файзиев тайинланган эди. Апрель ойи якунида Файзиев истеъфога чиқарилиб, унинг ўрнида ёрдамчи мураббий Анвар Бердиев бош мураббий вазифасини бажарувчи сифатида иш бошлади. Клуб Про-Лига 6-туридан кейин 10 очко билан 2-ўринда бормоқда.
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @Daryo_Sport24’га обуна бўлинг!
Изоҳ (0)