Профессионал боксда фаолиятини давом эттираётган ўзбекистонлик спортчи Бектемир Мелиқўзиев (7-0, 6 КО) Халқаро бокс федерацияси (AIBA) томонидан 4 йил муддатга дисквалификация қилинди.
Мелиқўзиев билан юзага келган бу вазият борасида Ўзбекистон бокс терма жамоаси катта мураббийи Тўлқин Қиличев изоҳ бериб ўтди. Бу ҳақда «Оламспорт» нашри хабар қилмоқда.
Бектемирнинг ушбу четлатилиши допинг сабаб эмас. Четлатиш учун турли сабаблар бўлиши мумкин. У ерда баъзи мажбуриятлар бор ва буларнинг бажарилмаслиги дисквалификацияга олиб келади. Ҳозирда дисквалификация сабаб кўпчиликнинг ҳаёлига "у допинг истеъмол қилган экан" деган фикр келмоқда. Аммо аслида ундай эмас.Аввалроқ ушбу вазият Бектемирнинг профессионал фаолиятига таъсир қилмаслиги айтилганди.Бектемир бу вазиятда WADA мажбуриятини бажармаган. Яъни допинг офицерлар уни текшириш учун борган вақтда Бектемир АҚШда истиқомат қиладиган манзил эшиги қулф бўлган ва улар қайтиб кетган. Иккинчи маротаба эса у машғулотларда бўлган. Учинчи вазиятда Бектемир аэропортда бўлган. Чунки у ўшанда Иорданиядаги Осиё/Океания лицензион мусобақасида қатнашиш учун йўл олаётганди.
Биз энди-энди WADA’нинг ADAMS тизимини тушуниб боряпмиз. Бу борада ишлаб чиқилган қоидалар кўп. Миллий олимпия қўмитаси, бокс федерацияси томонидан спортчиларимизга бу борада тегишли тушунтиришлар олиб борилмоқда.
Мана шу учта ҳолат дисквалификацияни келтириб чиқарди. Аммо бу унинг қонида допинг бор ёки мана шундай тақиқланган моддаларни истеъмол қилди дегани эмас. Бизнинг йигитлар ўзимизнинг палов ва қазиларни истеъмол қилиб ҳам рақибларини мағлуб этаверади. Шу таомларнинг ўзи ҳам боксчиларимизга яхшигина куч бўлади. Шу сабабли ҳам ўзбек боксчилари допингга муҳтож бўлиб қолмаган ва бундан кейин ҳам муҳтож бўлмайди. Чунки, допинг ноқонуний эканлигини ва фойдасидан кўра зиёни катталигини жуда яхши биламиз.
Бунинг профессионал боксга таъсири ҳақида
AIBA’нинг антидопинг қоидалари ва профессионал боксники алоҳида тизим ҳисобланади. Проф боксда улар ҳар бир жанг олдидан текширилади. У профессионал боксда тоза чиқмоқда ва фаолиятини давом эттираверади. Чунки, айтиб ўтилганидек, профессионал боксдан фарқли равишда ҳаваскор боксда мажбуриятлар кўп.
Ҳозирда ушбу йўналишда Ўзбекистон бокс федерацияси томонидан семинарлар ҳам ташкил этиб берилмоқда. Бу борада тушунтириш ишлари олиб борилмоқда. Ўзбекистонлик боксчиларнинг ҳар бирига инглиз тилидан хабардор бўлган ходим бириктириб қўйилган. Бу федерация раҳбарияти, шу жумладан шахсан Сакен Пўлатов томонидан назорат қилиб борилмоқда. Миллий олимпия қўмитаси қошида ҳам бу борада ишчи гуруҳ тузилган. Назорат шу даражадаки, уларнинг қаерда бўлиши соат-соатигача назоратда
Тўлқин Қиличев, Ўзбекистон бокс терма жамоаси катта мураббийи
Эслатиб ўтамиз, Мелиқўзиев 19 июнь куни Габриэль Росадога қарши рингга чиқади. Айни вақтда у супер ўрта вазн тоифасида WBA рейтингида 7, WBO рейтингида 12-ўринда бормоқда.
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @Daryo_Sport24’га обуна бўлинг!