УЕФА Европа Чемпионати иштирокчиларининг қайдномаси билан боғлиқ айрим қоидаларга ўзгартириш киритилганини эълон қилди.
Энди терма жамоалар мусобақа қайдномасига 26 нафар футболчини киритиши мумкин бўлади (аслида фақат 23 футболчига рухсат берилган). Ташкилот бу қарорни «коронавирусга топширилган тестларнинг ижобий хулоса бериши ва карантин чоралари сабаб футболчилар танқислиги юзага келишини олдини олиш» билан изоҳлади.
Мусобақа учун 26 футболчи жалб қилинса-да, ўйин қайдномасига уларнинг фақат 23 нафари киритилади.
Шунингдек, қайднома эълон қилинган 1 июндан биринчи ўйин бошлангунга қадар агар жиддий жароҳат ва коронавирусга чалиниш (ўйинчида тиббий аломатлар кузатилса) ҳолати кузатилса, терма жамоаларга чекланмаган миқдорда футболчини алмаштириш имконияти тақдим этилади. Терма жамоа мусобақанинг биринчи ўйинидан кейин бу имкониятдан фойдалана олмайди.
Мусобақа пайтида карантин қоидаларига қатъий риоя этилади. Ҳатто COVID-19 аниқланган бемор билан контактда бўлган соғлом футболчилар ҳам карантинга олинади.
Эслатиб ўтамиз, Евро—2020 мусобақаси жорий йилнинг 11 июнидан 11 июлига қадар Европанинг 11 та шаҳарида бўлиб ўтади.
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @Daryo_Sport24’га обуна бўлинг!
Изоҳ (0)