Президент матбуот котиби Шерзод Асадов 3 май, душанба куни ўтказилган брифингда Сурия, Ироқ ва Афғонистондаги қуролли тўқнашувлар ҳудудларидан қайтарилаётган ўзбекистонликлар ҳақида сўз юритди, дея хабар бермоқда «Дарё» мухбири.

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

«30 апрель, жума куни мамлакатимиздаги инсонпарварлик сиёсатининг, муборак Рамазон кунларидаги яна бир хайрли ишнинг гувоҳи бўлдик. Бу «Меҳр-5» операцияси. Ушбу операция натижасида юртимизга Яқин Шарқдан 93 нафар аёл ва уларнинг болалари олиб келинди.

Фурсатдан фойдаланиб эслаш ўринлики, шу пайтгача 5 та операция натижасида 435 нафар ватандошимиз Яқин Шарқ ва Афғонистондаги қуролли тўқнашувлар ҳудудларидан қайтарилди.

Кимдир билади, кимдир билмаслиги мумкин, лекин бу жуда машаққатли, қалтис жараён. Бунинг замирида Президентимизнинг қатъияти, дипломатик ваколатхоналар, хавфсизлик тузилмалари, тиббиёт ходимларининг фидойилиги ва юксак профессионаллиги ётибди. Қайтарилган юртдошларимизни реабилитация қилиш, тиббий-психологик ёрдам кўрсатиш, моддий кўмаклашиш бўйича ҳам катта ишлар қилинмоқда», — деди Асадов.

Маълумот учун, «Меҳр» инсонпарварлик операцияси илк бор 2019 йили амалга оширилган бўлиб, унда 156 нафар ўзбекистонлик, асосан, аёллар ва болалар Сурия пойтахти Дамашқдан махсус рейс билан Ўзбекистонга олиб келинган. 2019 йилнинг октябрь ойида эса Яқин Шарқдаги можаролар ҳудудидан ўзбекистонликларни қайтариш бўйича иккинчи махсус операция амалга оширилган. 2020 йилнинг декабридаги учинчи махсус операция доирасида Суриядан 25 нафар аёл ва 73 нафар бола, 2021 йилдаги «Меҳр-4» операцияда эса 24 нафар фуқаро Афғонистондан Ўзбекистонга қайтарилган.