Самарқанд шаҳридаги Ёшлар марказида 30 апрель куни вилоят ҳокими Эркин Турдимов иштирокида ҳудуддаги мактабгача таълим ташкилотлари фаолиятига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Хабар беришларича, унда, жумладан, вилоятдаги болалар боғчаларининг жорий аҳволи, тизимдаги коррупция ҳолатлари муҳокама қилинган.
Танқидий руҳда ўтиши олдиндан маълум бўлган йиғилиш тафсилотларини ёритмоқчи бўлган «Дарё»нинг Самарқанддаги мухбири Фарҳод Норбўтаев тадбирга қўйилмаган. Кириб-чиқишни назорат қилаётган Миллий гвардия ходимлари «журналистлар рўйхатида йўқларни кирита олмаслиги»ни билдирган. Маълумотларга кўра, тадбирга фақат давлат ОАВлари (вилоят телевидениеси, ЎзА, «Зарафшон» газетаси мухбирлари) қўйилган.
Вилоят ҳокими матбуот котиби Манучеҳр Мирзаев ҳам «Дарё» мухбири билан суҳбатда ушбу тадбир вилоят Мактабгача таълим бошқармаси томонидан ташкил этилгани, рухсатни ҳам улардан олиш лозимлиги, бу масалани ҳал қила олмаслигини билдирган. Бошқарма масъул ходимлари аллақачон йиғилиш жойига кириб кетгани, телефонлари йиғилиш арафасида йиғиб олингани сабаб, «Дарё» мухбири улар билан боғлана олмаган.
«Тадбирда қатнашганларнинг маълум қилишича, йиғилишга кириш арафасида барча иштирокчилардан қўл телефонлари олиб қўйилган, ҳеч ким овоз ёзиб оладиган восита ёки телефон билан киритилмаган», — дея хабар бермоқда «Дарё» мухбири.Йиғилишда иштирок этганларнинг маълум қилишича, Эркинжон Турдимов бир ой муддатда вилоят Мактабгача таълим бошқармасини яхши мутахассис кадрлар билан таъминлаш бўйича ўринбосари Хуршид Очиловга топшириқ берган. Йиғилишда вилоят Мактабгача таълими бошқармаси бошлиғи Шуҳрат Раҳмонов фаолиятига қониқарсиз баҳо берилган.
Манбаларнинг қўшимча қилишича, йиғилиш бўлаётган вақтда Ёшлар маркази электр таъминотидан вақтинча узилиб қолган.
Изоҳ (0)