Нью-Йорк полиция департаменти Boston Dynamics компанияси мутахассислари томонидан яратилган Digidog лақабли Spot робот-итидан фойдаланмасликка қарор қилди. Esquire’нинг ёзишича, ижтимоий тармоқларда роботга «полиция фуқаролар билан ишлашда қанчалик тажовузкор бўлишининг» рамзи дея таъриф берилган.
Шаҳар кенгаши аъзоси Бен Каллос ва кенгаш спикери Кори Жонсон қуролланган роботдан фойдаланишни тўхтатишга чақирганидан сўнг, ишлаб чиқарувчи билан робот-итдан бир йил ижарада фойдаланиш борасидаги шартнома (94 минг долларлик) бекор қилинган.
Маҳаллий департамент роботдан 2020 йилнинг августидан бошлаб фойдаланиб келаётганди. Ундан полициячилар ҳаёти учун ўта хавфли бўлган ҳолатларда фойдаланиш режалаштирилган эди. Бу вақт давомида роботдан олти маротаба фойдаланилган, бир сафар у асирга олинган фуқарога егулик олиб борган. Бундан ташқари, Digidog’дан февралда Бронксдаги квартирага амалга оширилган қуролли босқинчиликни бартараф этишда фойдаланилган.
Бироқ робот кўплаб танқидларга учраган, уни полициячилар ишининг ҳаддан ортиқ тажовузкорлигининг «антиутопик» намунаси сифатида қабул қилишган. Каллос эса Digidog ’ни «Қора кўзгу» сериалидаги робот-итларга қиёслаган.
Boston Dynamics ижрочи директори Майкл Перрининг сўзларига кўра, ҳозирда бутун дунё бўйлаб 500 га яқин робот-итлардан фойдаланилмоқда, бироқ полиция департаментларида фойдаланилаётган қурилмалар сони тўртта, холос.
Аввалроқ Boston Dynamics’нинг робот-ити уй тозалашни ўрганиб олгани, Spot Чернобил бўйлаб ҳаракатлангани тўғрисида хабар берилганди.
Изоҳ (0)