24 ёшли YouTube блогер Жейк Пол 18 апрель, якшанба куни 36 ёшли MMA жангчиси Бен Аскренга қарши бокс қоидалари бўйича жангда иштирок этди.
Аскрен учун бу профессионал боксдаги дебют жанг бўлди. Жанг Атланта шаҳри (Жоржия штати, АҚШ) мезбонлик қилган Triller Fight Club шоусининг асосий воқеаси бўлди.
Тўқнашув 8 раунддан (ҳар раунд 2 дақиқадан) иборат бўлиши белгиланганди. Аммо жанг 1-раунддаёқ ниҳоясига етди. Жейк Пол кучли зарбаси орқали Аскренни чуқур нокдаун ҳолатига тушириб қўйди, рефери эса жангни тўхтатди. Шу тариқа YouTube блогер Жейк профессионал боксдаги учинчи ғалабасини ҳам муддатидан аввал қўлга киритди.
Маълумот учун, Бен Аскрен вақтида MMA бўйича Bellator ва ONE промоушенларида ярим ўрта вазн тоифасида чемпионликни қўлга киритганди. Шунингдек, Аскрен UFC промоушенида тарихида энг тезкор нокаутга учраган спортчи ҳисобланади. 2019 йил 6 июлида Хорхе Масвидал Аскренни 5 сония ичида нокаутга учратганди.
Жейк Пол эса аввалроқ баскетболчи Нейт Робинсонни бокс қоидалари бўйича жангда нокаутга учратганди.
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @Daryo_Sport24’га обуна бўлинг!
Изоҳ (0)