Бугун,

  • USD 11095.31
  • RUB 173.84
  • EUR 10772.44

Танзила Норбоева Сенат раисига айлангач, Ўзбекистон парламентининг юқори палатаси эшиклари журналист ва блогерлар учун янада, аввалгидан ҳам кенгроқ очилди. Сенат ялпи мажлислари интернет орқали бошидан охиригача жонли эфирда намойиш этилиши одатий ҳолга айланди, Норбоева хоним ушбу мажлислар вақтида сенаторлардан фаоллик ва очиқликни талаб қилиш билан бирга, уларга реал вақт режимида блогерлар ёзаётган хабар ва постларни ўқиб бериши бугун бировни ҳайрон қолдираётгани ҳам йўқ.

Сенат раиси Танзила Норбоева Янгийўл туманидаги хотин-қизлар билан мулоқот қилмоқда; орқа фонда Сенат ахборот хизмати раҳбари Жалолиддин Усмонов. 2021 йил 2 апрель.

Сенат раиси Танзила Норбоева Янгийўл туманидаги хотин-қизлар билан мулоқот қилмоқда; орқа фонда Сенат ахборот хизмати раҳбари Жалолиддин Усмонов. 2021 йил 2 апрель.
Фото: Сенат ахборот хизмати

Яна шундай ҳолатлар борки, Сенат ёритса ё сенаторлар ёзса, фикр билдирса, жамоатчилик уйғонади, муҳокамалар юзага келади. Термизда ўқувчи қизнинг номусига бир эмас, икки бор теккан шахсга тегишли ваколатли идоралар томонидан ҳеч қандай чора кўрилмаётгани айнан сенатор томонидан ошкор этилди, ана шундан сўнг муаммога энг юқоридан назар солинди, аслида бир йил аввал қўзғатилиши керак бўлган жиноят иши очилди, адолат қарор топишига умид бор. Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин.

Яхши ўзгаришларни, очиқлик ва ошкораликка интилишни, жамоатчилик фикрига қулоқ тутиш сиёсатини, албатта, эътироф этиш лозим (ношукрлик бўлиб қолмасин тағин). Аммо, ўзбек амалдори яхши кўрадиган «Иш бор жойда камчилик ҳам бўлади» нақли нақадар тўғрилигини яна бир бор исботлаш истаги кучлими, ким билсин, Сенатда унинг раҳбари деярли барчадан талаб қиладиган очиқлик ва мулоқот тамойилларига зид ҳаракат қилувчилар йўқ эмас, афсуски. Бунда биргина Норбоева хоним қўйган талаблар бузилаётган бўлса ҳам майлига эди, аммо қонун талаблари ҳам бор-да...

Танишув (ёки биринчи сўров)

Ҳар бир соҳада «касб касаллиги» бўлади, журналистикада ҳам шундай. Оғримаган бошимизни оғритиб, ўтган пандемия йилида карантин талабларини бузган ҳолда тўй-маросимларни ўтказаётган ўзбекистонликларга турлича чоралар кўрилаётгани, ҳар хил жазолар тайинлаётгани (бир сўз билан айтганда — кўзбўямачилик қилинаётгани) ҳақида (масалан, узоқ бир вилоятнинг чекка туманида тўй қилган одамга отнинг калласидек жарима, пойтахтнинг қоқ юрагидаги Tashkent City’да бада-банг тўй қилган машҳури ғалатларга «ҳой, нима қилаяпсан?», деган танбеҳ ҳам йўқ, деярли) бир неча материаллар тайёрлаган эдик. Тўйлар Ўзбекистон учун ғоят муҳим бир ҳодиса бўлгани боис, масаланинг Сенатга тааллуқли жойи ҳам бор эди — ахир тўйлар қандай ўтказилиши кераклигини белгилаб берувчи «Тўй-комиссия» айнан Сенатда тузилган.

Тўй масаласи ва унинг комиссияси, албатта, 2019 йилда авжига чиққан, 2020 йили коронавирус балоси сабаб эсдан чиққанди. Шунга қарамай, Сенатнинг янги тайинланган матбуот котиби Жалолиддин Усмонов билан (Telegram орқали) боғланиб, дастлаб шу комиссия ҳали ҳам ишлаяптими-йўқми, шунга қизиқдим. Жалолиддин комиссия ишлаётганини билдирди. Сўнг муддаомни айтдим — юқоридаги каби кўзбўямачиликларга комиссия аъзолари қандай муносабатда? Жалолиддин Усмонов бу сўровим юзасидан жавоб беришини билдирди, бироқ орадан бир ойдан ортиқ вақт ўтса ҳамки (ора-сира бир-икки эслатган ҳам бўлдим) ҳеч қандай жавоб бўлмади.

«Менга ҳам қўнғироқ қилинг» (ёки иккинчи сўров)

Сенатда комиссиялар кўп. «Тўй-комиссия»дан ташқари Одоб ва ахлоқ комиссияси ҳам бор. Қиладиган иши номиданоқ маълум — одобсиз (сенатор)ларни одобга чақириб туриш. Ёдингизда бўлса, ўтмишдаги бир таниқли ҳоким (бир вақтнинг ўзида сенатор) «рўмолли аёлни кўрса, рўмолини оғзига тиқиб қўйиши» ҳақида гапириб қўйиб, шов-шувларга сабаб бўлгач, охир-оқибат айнан Сенатнинг Одоб ва ахлоқ комиссияси олдида «ҳаммадан ўтиниб-ўтиниб кечирим сўраган» эди. Шунақа кучли комиссия, хуллас.

Жалолиддин Усмонов.

Жалолиддин Усмонов.
Фото: Халқаро пресс-клуб

Жалолиддин Усмонов билан танишувимиздан роппа-роса икки ой ўтиб, ижтимоий тармоқларда Андижон вилояти ҳокими (ва, табиийки, сенатор ҳам ҳисобланган) Шуҳрат Абдураҳмоновнинг тадбиркорни «шакал» деб камситиб гапираётгани ёзилган аудиоси тарқалди. Аввалги, узр сўраган ҳоким-сенаторникига ўхшаш ҳолат, шундай эмасми? Шу боис Сенатнинг Одоб ва ахлоқ комиссиясидан изоҳ олмоқчи бўлдим. Хоҳласанг ҳам, хоҳламасанг ҳам бу вазиятда биринчи галда Сенат матбуот котиби билан боғланиш керак. Жалолиддин Усмонов «ҳа, муносабат бўлади» қабилида жавоб берди, 10 кундан сўнг сўровим ҳақида эслатганимда, «Комиссия иш бошлаган, шуғулланишяпти», деди.

Бу орада «Xabar.uz» сайтида «Танзила Норбоева ‘Xabar.uz’ журналистига яна қўнғироқ қилди» номли мақола эълон қилинди. Шу мақола ҳаволасини Жалолиддин Усмоновга Telegram’дан юбориб, бир киноя (кўпроқ қитмирлик) билан: «Сенат раиси менга ҳам телефон қилса, бир-иккита сўровим бор эди», деб қўйгандим, у томондан: «Албатта, етказаман!..» деган жавоб келди. Мана, орадан беш ой ўтди, ҳамон Танзила Норбоевадан қўнғироқ кутаман.

«Сенат очиқлик тарафдори» (ёки учинчи сўров)

2005 йилгача Қашқадарёдаги авиабазада хизмат қилган америкалик ҳарбийлар Ўзбекистонда радиация таъсирига учраган бўлиши мумкинлиги, шу боис АҚШ маъмурияти бу ерда хизмат қилган барча америкаликларни тиббий кўрикдан ўтказиш ҳақида кўрсатма бергани ҳақидаги хабарлар 2021 йил февралида энг кўп муҳокама қилинган, жамоатчилик диққат марказида турган мавзулардан бири бўлди. Ушбу ҳолат бўйича вазиятга муносабат билдириши мумкин бўлган томонлардан бири, жумладан, Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси эди.

Сенатнинг шу қўмитасидан изоҳ олиш мақсадида яна матбуот котиб Жалолиддин Усмонов билан (Telegram орқали) боғландим. Ахборот хизмати раҳбари материал қўмитага юборилганини айтди. Ўша кунги мулоқотда ундан: «Ҳаммадан очиқликни сўрайдиган Сенат раиси нега ўз жамоасининг очиқлигини таъминламайди ё сенаторлар билан ишлашда сизда тўсиқлар борми?», деб сўрадим. Жалолиддин: «Сенат очиқлик тарафдори ва шунга интилиб келмоқда. Сенаторлар билан ишлашда ҳеч қандай тўсиқлар йўқ», деб жавоб берди. У ҳолда аввалги сўровларим нима учун жавобсиз қолганини сўрасам, «Масалани қайта ўрганиб, натижасини берамиз, албатта», деганди.

Шунга ҳам икки ой бўлди, жавобдан ҳали дарак йўқ.

Сўнгсўз ўрнида

«Халқимиз билан, журналистларимиз билан мулоқот қилишни одат қилишимиз, муомала маданиятига, этика қоидаларига қатъий амал қилишимиз зарур. ОАВ томонидан билдирилаётган танқидларни тўғри қабул қилиб, очиқлик ва эркин фикр билдирилишини демократик давлатнинг асосий тамойилларидан бири сифатида қабул қилишимиз керак», — деганди Танзила Норбоева Сенатнинг 2019 йил ноябрда ўтган 24-ялпи мажлисида. «Раҳбарларнинг халқ учун очиқлиги, жамиятимизнинг барча соҳаларида очиқлик — бугунги кун талаби. Бошқа йўлимиз йўқ ва бунга кўникиб, ишимизни қайта кўриб чиқишимиз керак», — дея қўшимча қилганди Норбоева хоним ўша мажлиснинг ўзида.

Танзила Норбоева ўзи айтаётган ва ўзи истаётган очиқлик ва ошкоралик ислоҳотини Сенатнинг ахборот хизматидан бошлашни сўраб қолган бўлар эдим.

Маълумот учун: «Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонуннинг 5-моддасига мувофиқ, журналист «ахборот олиш учун давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотларга мурожаат этиш» ҳуқуқига эга. «Ахборот олиш кафолатлари ва эркинлиги тўғрисида»ги қонуннинг 6-моддасига кўра, «ахборот олишга доир сўров оғзаки, ёзма шаклда, шу жумладан ахборот тизими орқали электрон шаклда ифодаланиши мумкин... Сўровга иложи борича қисқа муддатда, агар қонун ҳужжатларида бошқа ҳол назарда тутилган бўлмаса, сўров олинган санадан бошлаб ўн беш кундан кечиктирмай жавоб қайтарилиши керак. Оғзаки сўровга, имкониятга қараб, дарҳол жавоб берилиши шарт». «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида»ги қонуннинг 35-1-моддасига асосан, «ОАВ давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти тўғрисида ахборот олишга доир сўров билан уларга оғзаки ёки ёзма шаклда (шу жумладан электрон ҳужжат шаклида) мурожаат этиш ҳуқуқига эга. ОАВнинг... сўрови кўпи билан етти кун муддатда кўриб чиқилади... Сўров рад этилган тақдирда, оммавий ахборот воситасига асослантирилган жавоб юборилади».

Изоҳ
Асосий янгиликлар
Дунё
АҚШ Ельциннинг Украина ҳақидаги баёнотини махфийликдан чиқарди
Иқтисодиёт
Коррупция даражаси, иқтисодий эркинлик индекси: Ўзбекистоннинг халқаро рейтинглардаги ўрни қандай ўзгармоқда?
Иқтисодиёт
Ўзбекистонда фрилансерлик: улар қанча маош олади ва нега кўпаймоқда?