Сирдарё вилоятининг Сардоба туманида 2020 йилнинг 1 майида содир бўлган техноген ҳолатдан жиддий зарар кўрган 3 та мактабгача таълим ташкилоти жами 7,6 миллиард сўмга тубдан қайта реконструкция қилиниб, ишга туширилди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Қайд этилишича, «Қўрғонтепа» МФЙ ҳудудидаги 4-сонли МТТ 1969 йилда, 5-сонли МТТ эса 1980 йилда қурилган. Лойиҳа қиймати 1 миллиард 100 миллион сўмни ташкил этган 160 ўринга мўлжалланган 1 қаватли 4-сонли МТТ Ойбек Пардабоев раҳбарлигидаги «Фаол барака қурилиш» МЧЖ бунёдкорлари томонидан қайта реконструкция қилиниб, тўлиқ жиҳозланди.
Шу маҳалладаги 5-сонли МТТ «Косон темир йўл қурилиш» МЧЖ бунёдкорлари томонидан тубдан қайта реконструкция қилиниши, қўшимча қурилиши ва жиҳозланиши учун 3 миллиард 300 миллион сўм маблағ сарфланди.
1978 йилда қурилган «Дўстлик» МФЙ ҳудудидаги 10-сонли МТТ сув тошқинидан жиддий зарар кўргандан сўнг, Excellent Construction Bussines масъулияти чекланган жамияти қурувчилари томонидан бугунги замон талаблари асосида тубдан қайта реконструкция қилинди.
180 ўринга мўлжалланган 2 қаватли ушбу бино янги юмшоқ ва қаттиқ мебель, бошқа барча зарур жиҳозлар билан тўлиқ таъминланган бўлиб, объектда амалга оширилган барча ишлар учун 3 миллиард 200 миллион сўмлик маблағ сарфланди.
«Айни пайтда туманимизда 14 та мактабгача таълим ташкилотлари мавжуд бўлиб, 5 минг 572 нафар мактаб ёшигача бўлган сардобалик ўғил-қизларимизнинг 3 956 нафари мактабгача таълим ташкилотлари билан қамраб олинган. Бу 71 фоиздан ортиқроқ дегани. Аммо саъй-ҳаракатлар тўхтагани йўқ. Қамровни янада кенгайтирмоқчимиз», — деган Сардоба туман мактабгача таълим бўлими бошлиғи Азиз Бекмуродов.
Хабарда айтилишича, сув тошқинидан зарар кўрган яна 1 та мактабгача таълим ташкилоти янгидан қурилиб битказилмоқда. Қисқа фурсатларда у ҳам фойдаланишга топширилади.
Аввалроқ Сардоба туманида «Шайх Назруллохон эшон» жоме масжиди қайтадан қурилиб, фойдаланишга топширилгани, Сардоба тошқинидан жабрланган аҳоли учун қурилган уйлар нархи 855,4 миллиард сўмни ташкил этгани ҳақида хабар берилган эди.
Изоҳ (0)