Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Покистон бош вазири Имрон Хон 14 апрель куни видеоанжуман шаклида учрашув ўтказади. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар қилди.
Тадбир кун тартибидан икки томонлама амалий шериклик ва минтақавий ҳамкорликнинг долзарб масалалари ўрин олган.
Асосий эътибор Трансафғон темир йўлини қуриш лойиҳасини биргаликда илгари суриш, ўзаро савдо ҳажмини ошириш, икки мамлакатнинг етакчи корхона ва компаниялари ўртасидаги кооперацияни кенгайтириш, авиақатновларни тиклаш, ҳудудлараро алоқалар ва маданий-гуманитар алмашинувларни ривожлантиришга қаратилади.
Ўзбекистон ва Покистон етакчилари халқаро ташкилотлар доирасидаги ҳамкорлик масалалари юзасидан ҳам фикр алмашиб, бўлажак тадбирлар режасини кўриб чиқадилар.
Саммит якунида сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация ва таълим соҳаларига оид қатор қўшма ҳужжатлар имзоланиши режалаштирилган.
Бундан аввал Шавкат Мирзиёев Қиролича Елизавета II номига шаҳзода Филипп вафоти муносабати билан ҳамдардлик йўллагани ҳамда Шавкат Мирзиёевнинг Россия ва Жанубий Кореяга ташрифига тайёргарлик кўрилаётгани маълум қилингани ҳақида хабар берилганди.
Изоҳ (0)