Великий Новгород шаҳрида Космонавтика куни муносабати билан ноодатий шоу ўтказилди — 500 дан ортиқ дрон шаҳар узра парвоз қилиб, инсоннинг коинотга амалга оширган биринчи парвозини тасвирлади, деб хабар беради Esquire.
Дронлар Юрий Гагарин Ер орбитасига йўл олган «Восток» аппаратининг учишини ва ракетани космосда ўраб олган йўлдошларни тасвирлаган.
Ижтимоий тармоқларда ёзилишича, ушбу акцияни «Геоскан» учувчисиз бошқариладиган учиш қурилмаларини ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи компания ташкиллаштирган. 2020 йилда «Геоскан» Санкт-Петербургда Иккинчи жаҳон урушининг 75 йиллиги муносабати билан 2200 та дрон учирган эди.
Маълумот учун, 1961 йилнинг 12 апрель санасида рус йигити Юрий Алексеевич Гагарин «Восток» космик кемасида инсоният тарихида биринчи маротаба очиқ коинотга парвоз қилган ва космосни ўзлаштириш эрасини очиб берган эди. У Бойқўнғир космодромидан 09:07 да ўзининг машҳур хитоби – «Поехали!» дея стартга чиқиб, 108 дақиқа мобайнида Ер шари атрофида орбитал парвозда бўлган ва соат 10:55 да Саратов вилоятидаги Смеловка қишлоғидаги дала ҳудудига муваффақиятли қўнган.
Изоҳ (0)