Британиялик миллионер, 83 ёшли Ричард Лексингтон Саттонни Дорсет графлигидаги Гиллингем шаҳри яқинида жойлашган шаҳар ташқарисидаги қасрида ўлдириб кетишди, деб ёзмоқда Meduza.

Фото: РЕН ТВ

The Guardian нашрининг ёзишича, 7 апрель куни кечқурун маҳаллий фуқаро Саттон ва унинг шеригига пичоқ билан ҳужум қилган. Миллионер олинган жароҳатлар натижасида воқеа жойида вафот этди. Унинг ёнидаги аёл эса оғир аҳволда вертолёт билан Бристол шифохонасига етказилди. Маълумотларга кўра, у аёл Саттоннинг физиотерапевти, 65 ёшли Энн Шрайбер бўлган.

Жиноятда гумонланаётган 34 ёшли эркак воқеа жойидан машинада қочиб кетган, лекин полиция унинг ортида таъқиб қилди ва Лондонда қўлга туширди. Гумонланувчи ҳам енгил жароҳатлар билан шифохонага ётқизилди.

Дастлабки маълумотларга кўра, Саттон ва Шрайбер гумонланувчи билан таниш бўлган.

Ричард Саттон 301 миллион фунт стерлинг бойлиги билан Буюк Британиянинг энг бадавлат одамлари рўйхатининг 435-ўринида турган. У Лондоннинг беш юлдузли Sheraton Гранд ва Парк Лейн кўчасидаги Атенеум меҳмонхоналарига эгалик қилган.

Маълумот учун, Францияда ҳам 3 апрелдан 4 апрелга ўтар кечаси номаълум шахслар тадбиркор ва сиёсатчи Бернар Тапининг уйига бостириб кирди ва уни тўнаб кетди. Воқеа Тапининг шаҳар ташқарисидаги уйида содир бўлди. Маълум бўлишича, жиноятчилар уй эгаларини боғлаб қўйган ва калтаклаган.