Шавкат Мирзиёев 8 апрель куни видеоселектор йиғилиши ўтказиб, кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш ҳамда аҳоли бандлигини таъминлаш дастурини амалга ошириш чораларини танқидий кўриб чиқиши кутилмоқда. Бу ҳақда «Дарё» манбаси маълум қилди.
Таъкидланишича, 2020 йилда кичик бизнес субъектларига давлат томонидан кредитлар ва молиявий ёрдам кўринишида қарийб 120 триллион сўм ажратилган. Бунинг натижасида пандемиядан зарар кўрган 104 мингта корхона фаолиятини қайта тиклаш ҳамда хусусий корхоналарнинг айланма маблағларини 33 фоизга оширишга эришилди.
Лекин айрим вилоятларда бу борада олиб борилаётган ишлар бизнес ва ҳукуматнинг талабларига жавоб бермаяпти. Шу сабабли, манбанинг қайд этишича, Президент қатор турли даражадаги раҳбарларни ишдан олиши кутилмоқда. Бундан ташқари, давлат раҳбари тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва фуқароларни иш билан таъминлаш бўйича янги чора-тадбирларни белгилаб беради.
Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев 1 апрель куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида соғлиқни сақлаш соҳасидаги коррупция ҳолатларига тўхталиб ўтиб, ушбу соҳада 30 миллиард сўмдан ортиқ маблағ талон-торож қилинганини айтганди. Президент февраль ойида «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили» давлат дастури ижросини самарали ташкил этиш масалалари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида дастурдан асосий мақсад қоғоз ёки ҳисобот эмас, балки одамлар ҳаётида ижобий ўзгаришлар қилиш эканлигини таъкидлаган.
Изоҳ (0)