4 апрель куни Эрон ташқи ишлар вазири Муҳаммад Жавод Зариф бошчилигидаги делегация Ўзбекистонга келди, деб хабар беради «Дунё» агентлиги.
Маълум қилинишича, 5 апрель куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон—Эрон музокараларида сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт-логистика ва бошқа соҳалардаги ўзаро муносабатларнинг ҳозирги ҳолати ва истиқболларини муҳокама қилиш режалаштирилган. Томонларни қизиқтирган минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик масалалар юзасидан ҳам фикр алмашади.
Ташриф дастурига биноан Эрон Ташқи ишлар вазирлиги раҳбарининг «Ҳазрати Имом» мажмуаси ва Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюриши, Тошкентнинг диққатга сазовор жойлари билан танишиши кутилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 2017 йилнинг октябрида Абдулазиз Комилов ва Жавод Зариф Ўзбекистон ва Эрон ТИВлари ўртасидаги Ҳамкорлик дастурини имзолаган эди. 2018 йилнинг февралида Теҳронга амалга оширилган ташриф давомида Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Эрон ТИВ раҳбари билан БМТ, ШҲТ ва бошқа халқаро ташкилотлар доирасида ҳамкорлик қилиш масалаларини муҳокама қилганди.
Изоҳ (0)