Нима учун болалар коронавирусга қарши эмланмайди? Бу саволга Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати раҳбари ўринбосари Ботир Қурбонов жавоб берди.
— Коронавирусни юқтириш ҳолати болаларда ҳам учрамоқда, аммо нега уларни эмлаш тавсия этилмаяпти?
— Болалар ўртасида ҳам касалланиш ҳолатлари кузатилаётган бўлса-да, дунё олимлари, нуфузли илмий-тадқиқот институтлари томонидан яратилаётган вакциналардан болалар ўртасида фойдаланиш мумкинлиги ҳозирча тасдиқланмаган.
Айни пайтгача тайёр бўлган ёки ЖССТ томонидан фавқулодда ҳолатларда фойдаланишга рухсат этилган вакциналар билан болаларни эмлаш ҳозирча кўзда тутилмаган. Шунинг учун 1 апрелдан бошланган эмлаш тадбирларида 18 ёшгача бўлган болаларни эмлаш тавсия этилмаяпти, – дейди Ботир Қурбонов.
Аҳолини коронавирусга қарши эмлаш тадбирлари 1 апрелдан бошланди. Ўзбекистонда бугунги кунда 1 миллион 660 минг доза вакцина бор. Уларнинг 660 минг дозаси COVAX жамғармаси томонидан олиб келинган AstraZeneca вакцинаси, 1 миллион дозаси — Ўзбекистон—Хитой ҳамкорлигида ишлаб чиқилган ZF-UZ-VAC 2001 вакцинаси.
Аҳолини ушбу вакциналар билан эмлаш бир пайтнинг ўзида амалга оширилади. Бунда эмланувчи биринчи эмланишни қайси вакцина билан бошласа, иккинчисини ҳам айнан ўша вакцина билан якунлайди. AstraZeneca вакцинаси билан 2 маротаба, ZF-UZ-VAC 2001 вакцинаси билан 3 маротаба эмлаш кўзда тутилмоқда. Яъни вакцинация икки хил вакцинада икки хил амалга оширилади. Шунингдек, Ўзбекистонда хусусий клиникаларга COVID-19’га қарши пулли эмлаш ўтказишга рухсат берилади. Тўлиқ эмлаш курсини тамомлаган фуқароларга QR-кодли сертификат берилади.
Ўзбекистонда 2 апрель ҳолатига кўра 9211 нафар фуқаро эмланди.
Изоҳ (0)