Ever Given контейнер ташувчи кемаси кўндаланг тиқилиб қолиб, Сувайш каналининг тўсиб қўйилиши оқибатида канал маъмуриятига етказилган зарар тахминан 1 миллиард долларни ташкил этди. Бу ҳақда маъмурият раҳбари Усама Рабига таяниб, «Коммерсантъ» хабар берди.

Фото: AP Photo

Маъмурият раҳбарининг сўзларига кўра, ҳодиса юзасидан текширувлар камида бир ҳафта давом этади. Текширув тугамагунга қадар Ever Given канални тарк этмайди.

«Зарарни ҳисоблашда ҳали давом этамиз. Ҳодисанинг биринчи кунидан бошлаб сарфланган барча маблағни, тун-у кун ишлаган шатакчи ва сув ости кемалари учун сарфланган харажатларни ҳисобга оламиз, бу жуда катта суммани ташкил этади», — деди Раби Sada al-Balad телеканалига берган баёнотида.

Унинг таъкидлашича, зарарнинг дастлабки миқдори «1 миллиард доллар ёки шунга яқин». «Бу ҳақли равишда давлатга тегишли маблағ», — деб қўшимча қилди канал маъмурияти раҳбари.

Allianz нашри Сувайш каналининг тўсилиб қолишидан жаҳон савдосига етказилган зарарни ҳафтасига 6—10 миллиард доллар, деб баҳолаган. The Loadstar маълумотларига кўра, навбатда туриб қолган кемаларнинг эксплуатация харажатлари контейнер ташувчилар учун кунига тахминан 3,25 миллион доллар ва танкерлар учун тахминан 500 минг долларни ташкил этган.

Аввалроқ кемалар қатнови бўйича Lloyd’s List компанияси ҳисоб-китобларига кўра, Сувайш каналида саёзликка тиқилиб қолган Ever Given контейнер ташувчи кемаси томонидан кемалар йўлининг тўсиб қўйилиши жаҳон савдосига соатига 400 миллион долларга тушаётган эди. Мисрнинг Ever Given билан боғлиқ вазиятдан кўраётган талафоти кунига 14 миллион долларга баҳоланган.

Эслатиб ўтамиз, 23 март куни Ever Given кемаси кучли шамол ва қум бўрони туфайли йўналишини ўзгартириб, бурун ва қуйруқ қисмлари билан иккала қирғоққа тиралиб қолиб, Сувайш каналининг бир магистралли жанубий қисмини тўсиб қўйган эди. Бунинг натижасида 450 дан ортиқ кемадан иборат тирбандлик юзага келган эди. Шунингдек, ҳодиса ортидан нефть нархи кескин ўсган.

Сувайш канали орқали икки йўналишда ҳам кемалар ҳаракати 29 март, душанба оқшомидан қайта тикланди. Сувайш канали маъмуриятининг яна бир раҳбари, Миср президенти маслаҳатчиси Мохаб Мамиш каналнинг тўсилиб қолишида Ever Given кемаси капитанини айбдор қилди.