Хитойда 2021 йил охирига қадар автомобиллар учун энг узун сувости туннелини қуриш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Tengrinews хабар берди.
Узунлиги 10,8 километр, эни 43,6 метр бўлган туннел Хитойнинг шарқида, мамлакатдаги учинчи энг йирик чучук сув ҳавзаси ҳисобланган Тайху кўли остида қурилади. У умумий узунлиги деярли 44 километрни ташкил қилувчи Чанчжоу-Уси автомагистралининг давоми бўлади.
Лойиҳани амалга ошириш учун жавобгар бўлган Хитойнинг алоқа ва қурилиш компанияси қошидаги Third Harbor Engineering фирмасининг хабар беришича, сувости туннелининг қурилиш ишлари 2018 йилнинг январь ойида бошланган. Ҳозиргача иншоотда пойдевор плиталарини қуриш ишлари якунланди.
«Лойиҳада чиқинди сув ва чанг миқдорининг минималлигини таъминловчи пўлатни автоматик қайта ишлаш ускуналари ва ‘ақлли' тизимлар қўлланилмоқда», — деди лойиҳа гуруҳи раҳбари Ян Годун.
2021 йилда туннел бетон ва инфратузилма объектларини қуриш жараёнидан ўтиши кутилмоқда.
Аввалроқ Фарер оролларида архипелагнинг иккита йирик оролини боғловчи Estroyartunnlinn туннели қурилишининг асосий босқичи якунлангани ҳақида хабар берилди. Мазкур туннелнинг ўзига хослиги шундаки, у ўз ичига Атлантика океани тубида қурилган дунёдаги биринчи айланма йўл шаклидаги боғланмани олган.
Маълумот учун, Россиянинг Байкал кўлида 13 март куни Baikal-GVD чуқур сувости нейтрин телескопи расман ишга туширилди. Телескоп Байкалнинг жанубий қисмида қирғоқдан 3,5 километр масофада ва 750—1300 метр чуқурликда жойлашган. Уни қуриш ишлари 2015 йилда бошланган бўлиб, 2,5 миллиард рублга (34 миллион доллардан ошиқроқ) тушган. У Россия Фанлар академияси Ядро тадқиқотлари институти, Ядро тадқиқотлари бирлашган институти ва Иркутск давлат университети олимлари томонидан ишлаб чиқилган.
Изоҳ (0)