Ижтимоий тармоқларда гўёки Фарғона вилоят прокуратураси ходимининг суҳбати сифатида ёзиб олинган аудиоёзув тарқалди. Бу ҳақда «Халқ сўзи Online» хабар қилди.
Аудио икки кишининг телефондаги суҳбати бўлиб, унда қуйидагича гаплар бор.
«— Ассалому алайкум, Комиловман!
— Муҳриддин ака?
— Ҳа.
— Мана бу ерда 3 та опа турибди–да. Нима қилай?
— Йўқот, гаплашилди, йўқот!
— Булар кетмаяпти.
— Нима деяпти?
— Мана шу ерда ҳозир вилоят прокурорини ушлаймиз деяпти. Кетинглар десам ҳам йўқ деяпти», — дейилади телефон суҳбатида.
Ушбу аудиоёзув юзасидан Фарғона вилоят прокуратураси расмий баёнот берди. Унга кўра, аудиоёзувда вилоят прокуратураси биносига бириктирилган қўриқлаш хизмати ходимларининг ўзаро суҳбати қайд қилинган бўлиб, ушбу жараёнда прокуратура ходимлари иштирок этмаган.
Ҳозирда Миллий гвардия Фарғона вилояти Қўриқлаш бошқармаси томонидан хизмат текшируви ўтказилмоқда.
Фарғона вилоят прокуратурасида фуқароларнинг қабули «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги қонун талаблари асосида йўлга қўйилганлиги маълум қилинган.
Бундан аввал Андижон вилоят халқ таълими бошқармаси мактабда ўқитувчи ўқувчини калтаклагани акс этган видеога муносабат билдирилгани ҳамда Қашқадарёда мактаб ўқувчисининг синфхонада қилган номаъқул иши учун прокуратурада ишловчи отаси жаримага тортилгани ҳақида хабар қилинганди.
Изоҳ (0)