«Дарё» бу ойнинг энг кўп муҳокамаларга сабаб бўлган алифбо борасидаги фикр мулоҳазаларини билиш мақсадида тарих фанлари доктори Ғайбулла Бобоёровга мурожаат қилди. Қуйида олимнинг бу борадаги мулоҳазаларини тақдим этади.
Олтовлон ола бўлса, оғзидагин олдирар,Тўртовлон тугал бўлса унмаганин ундирар.
Бугунги кунда қизғин тортишувларни келтириб чиқарган янги ўзбек лотин алифбоси масаласи менга ушбу оталар сўзини эслашимга туртки бўлди. Қачонлардир тийрак ақлли, ота-боболармиз томонидан айтилган ва бугунги кунда ҳам ўз кучини йўқотмаган ушбу мақолни кўплаб масалаларга қарата айтиш мумкин. Бироқ бу ерда мен ушбу мақолнинг ўз мустақил давлатига эга туркий халқлар бирдамлиги учун қанчалар мос тушиши ва янги алифбо теварагида айланаётган турли қарашлардаги унинг ўрнига тўхталмоқчиман.
Ижтимоий тармоқларда алифбо борасида билдирилаётган гап-сўзларга кўз югуртирсангиз айримлар «тўғри, бу алифбони қўллаб-қувватлайман, 4 та ҳарфни ўзгартириш орқали биз қардош халқлар тилини тушуна оламиз» десалар, айримлар эса «ортиқча чиқим нега керак, бу ёзувни ўргангунча яна қанча вақтимиз кетади, нега айнан турк алифбосига ўхшатишимиз керак?» деб ёзаётганига дуч келасиз. Бундан бошқа яна бир-биридан кескин ажралиб турувчи, бири-иккинчисига лой чаплайдиган муносабатлар ҳам бор. Қай маънодадир ўзбек халқи бугуни ва келажаги учун қайғураётган юртдошларимизнинг ўй-фикрларини ардоқлаган ҳолда улар орасидан кўпроқ икки қарама-қарши томон учун характерли бўлган «қўллаб-қувватловчилар» ва «қарши чиқувчилар»нинг қарашларини кўриб чиқсак.
Абу Райҳон Берунийнинг минг йил олдин айтилиб, бугунги кунда ҳам, келажакда ҳам ўз кучини йўқотмайдиган «Фанларни инсон учун эҳтиёжлар яратган» мазмунидаги сўзларидан келиб чиқадиган бўлсак, бирмунча ислоҳ қилинган янги ўзбек лотин алифбосига ўтиш ҳам эҳтиёж маҳсулидир, айримлар ёзаётганидек «алифбо алмаштириш шунчаки ўйин бўлиб қолди» эмас. Хўш, бу эҳтиёжлар нималарда кўринади. Биринчидан, ҳукуматимиз янгиланаётган Ўзбекистон ўз олдига биринчи ўринда ўз қўшнилари билан яқин алоқаларни йўлга қўйиш устувор эканини қайта-қайта айтаётган бир паллада шимолдаги яқин қўшнимиз Қозоғистон лотинча негизли қозоқ алифбосига ўтишга қарор қилди. Кунботардаги қўшнимиз Туркманистон эса аллақачон бу алифбога ўтиб бўлган. Кунчиқардаги қардошимиз Қирғизистон ҳам бу масалани ўйлаб кўряпти. Қолаверса, Озарбайжон ҳам Туркманистон билан деярли бир вақтда лотин алифбоси негизидаги ўз ёзувига ўтиб улгурган ва бугунги кунда барча ишлар ушбу ёзувда юритилади. Алифбо минтақавий интеграцияга ҳам хизмат қилиши керак.
Яқин йилларда мустақилликка эришган бу республикалар ҳам ўзларининг «эски хўжайинларидан эркин бўлиш», ҳам ўзаро бир-бирини тушунишни қулайлаштириш учун алифбони ўзгартиришга интилаётган бир пайтда биз айрим фарқлиликларни илгари суриб, «биз бошқамиз, сизларга ўхшаб битта товушни битта белги билан эмас, иккита белги билан берамиз, бу энг тўғри йўл» дейиш қанчалар ўзини оқлайди? Бу ерда биздан фарқли ўлароқ «ч», «ш», «ғ» ўрнига бошқа туркий ўлкаларда «ç», «ş», «ğ» ҳақида сўз бормоқда. Ахир бундан икки-уч йил олдин худди биздай йўл тутиб, «ўз миллий лотин ёзуви»да айрим товушларни иккита белги билан ифодалашга уринган қозоқ қардошларимиз бугунги кунда худди туркиялик, озарбайжонлик, туркманистонлик қардошлариникига ўхшаш алифбога ўтиш йўлини тутишгани ҳам биз учун бир дарс бўлмайдими? Атрофимиздагилар деярли барча бир хил ёзишса-ю, биз ўзбекистонликлар улардан умуман бошқача ёза бошласак, юртимизга келиб-кетадиганлар, ўзбекча нашрларни ўқийдиганлар қандай аҳволга тушишини бир ўйлаб кўринг! Буни ҳам қўйиб турайлик, ўзимизнинг яқин қардошимиз қорақалпоқлар уларники билан деярли бир бўлган ўз лотин алифбосига эга бўлиб турса-ю, ёзувимиздаги бундай фарқлиликлар орқасидан биз уларни, улар бизни тушунмай туришса, буни қандай очиқласа бўлади!
Бир ўйлаб кўрайлик, ҳар куни юзлаб, минглаб юртдошларимиз турли сабаблар билан санаб ўтилган қўшни ва қардош ўлкаларга бориб-келишади. Ўз навбатида қанча-қанчалаб қозоғистонликлар, туркманистонликлар бизнинг юртимизда бўлиб қайтишади. Уларнинг ҳар бири ҳеч бўлмаганда бир кунда бир маротаба кўчалардаги дўкон ва турли муассаслардаги ёзувларга кўзи тушади. Ўша ёзувларни ўқиб, англаб етиш қаёқда-ю, «бизнинг ёзувимиз бошқаларникига ўхшамаслиги керак, нега энди ановилардан кўчириб оларканмиз» деб оёқ тираб олиш қаёқда.
Энди шу масалада узоқдаги қардошимиз Туркияга мурожаат қилсак. Ўзбекистондан бу ўлкага ҳар куни ўнлаб авиарейслар йўлга қўйилган. Деярли ҳар куни бир неча минглаб юртдошларимиз Истанбул, Анқара, Анталия ва бошқа шаҳарларга бориб қайтишади. Ўз навбатида минглаб туркиялик ишбилармон ва туристлар ўлкамизга келиб, Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Хива ва бошқа шаҳарларимизни зиёрат қилишади. Биздан борган юртдошларимиз у ердаги ёзувларни, туркияликлар эса биздаги ёзувларни тушуниб, англаб етишига ёрдам берадиган воситалардан бири ёзув эмасми?
Қарийб 30 йилдан бери Туркия, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон ва Озарбайжонда илмий анжуманларда бўлиб, қардош халқлар ишлатиб келаётган алифболарнинг ютуғ-у камчиликларини кўриб келаётган тарихчи ва тилшунос ўлароқ шуни айтиб ўтишим керакки, алифболаримиздаги фарқлиликлар кўплаб ноқулайликларни туғдиради, айрим ҳолларда эса сўзларни умуман тескари тушунишга олиб келади. Бу тўғрида нафақат илмий давраларда гапирилади, балки соҳага тегишли бўлмаган оддий одамлар ҳам бот-бот сўз юритганига гувоҳ бўлганман. Шунингдек, айрим қардошларимизнинг «нега биз ўзбекчани эштисак тушунамиз-у, ёзувини ўқисак қийналамиз» деган сўроғига дуч келганимни, бунинг учун алифбо айбдорлигини айтиб тушунтиргунча қанча вақтим кетганини айтмай ўтишнинг иложи йўқ.
Тўғри, туркий эл-улусларнинг ўзаро яқин ўхшаш алифбога ўтишлари тил билан боғлиқ масалаларда тўлақонли ечим бўла олмайди, бироқ барчамиз учун умумий бўлган алифбода ёзиш орқали ҳеч бўлмаганда кўнгилдагидек натижага эришилади, бу эса мавжуд тўсиқларни ошиб ўтиш учун дадил ташланган бир одим бўлади.
Яқин йилларда Ўзбекистоннинг Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши (қисқача «Туркий кенгаш»)нинг тўлақонли аъзоси бўлиши ҳам ўз-ўзидан бўлмади. Қўшнилар ва қардош халқлар билан яқинлашиш, ўзаро алоқаларни янги бир босқичга олиб чиқиш зарурияти туфайли шундай қарорга келинди. Бу бир эҳтиёж – янада юксалиш учун бир восита, янги бир одим сифатида қаралди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил 21 октябрдаги «Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганлигининг ўттиз йиллигига бағишланган тантанали маросим»да сўзлаган нутқида: «Туркий тилларнинг катта оиласига мансуб бўлган ўзбек тилининг тарихи халқимизнинг кўп асрлик кечмиши, унинг орзу-интилишлари, дард-у армонлари, зафарлари ва ғалабалари билан чамбарчас боғлиқдир. Яқинда мамлакатимиз «Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши»га аъзо бўлди. Бу ўз навбатида, нафақат ўзаро иқтисодий ҳамкорликни кучайтиришга, балки туркий тиллар, жумладан, ўзбек тилининг халқаро мақомини юксалтиришга хизмат қилади», деб урғу берганидаёқ тилшуносларимиз англаб етган. Шу билан равишда кейинги йилларда нафақат алифбомизни ислоҳ қилиш, балки тилимизни халқаро даражага кўтариш кун тартибига айланган бир пайтда зиёлиларимиз, айниқса, тилшуносларимизга юксак вазифалар тушганини кўпчилик англаб етди.
Шунга қарамай, айримларнинг, шу жумладан, бир гуруҳ тилшуносларимизнинг «алифбони ўзгартирмаслик ҳам, ислоҳ қилиш ҳам керак эмас» деб ижтимоий тармоқларда ёзишаётганини тушуниш қийин. Хўш, биз ўзбек тилининг халқаро мақомини оширмоқчи эканмиз қандай йўллар билан буни амалга оширишимиз керак бўлади. Ўзбек тилининг ўтмишдаги ўрнини тиклаш учун ишни биринчидан уни тушунадиган ён-атрофимиздаги қардошларга тушунарли бир алифбо билан бошлашимиз керак бўлади-ку! Бизнинг тил тизимимиздан бошқа бирорта тил эгаларига минг бор яқинлашиб кўр, алифбонгни керак бўлса ўн кез ўзгартир, улар сени барибир тушунмайди. Эмишки, биз «ш» товушини «ш», «ч» товушини «ч» кўринишида ёзадиган бўлсак дунёнинг илғор миллатлари – инглизлар, француз ва бошқалар биз билан мулоқот қилиши қулай бўлармиш. Бу турган-битгани эртак-ку, лотинча негизли алифбомиздаги айрим ўзгартиришларга қарши бўлаётганларнинг ўзлари ҳам буни яхши билади. Шу билан боғлиқ яна бир масала – «алифбомиз ислоҳ қилинадиган бўлса, бу ёзувни ўзлаштириш учун яна ўнлаб йиллар вақт йўқотилармиш»! Ҳар қандай тилни ўрганиш учун кўпи билан 2-3 йил кетадиган бир даврда яшаётганимизни унутмаслигимиз керак. Айниқса, ёшларимиз инглиз, рус каби биз учун умуман бошқа бир тил тизимини қисқа муддатларда ўрганиб олаётган бир паллада наҳотки биз шундай майда-чуйда масалаларда бош қотириб ўтирсак.
Энди, худди шундай алифбомизни қандай бўлса шундай қолдирадиган бўлсак, ҳар бир товуш учун биттадан ҳарфни жорий қилган қардош халқлар вакиллари ўзбек тилли адабиётни қанчалар тушуниб ўқишини бир кўз олдингизга келтириб кўринг-а! Бу билан биз тилимизни кенг ёйиш йўлини қирқиб қўйган, ўзбек тилининг тарихда ўйнаган ролинининг йўлин яна бир тўсиб қўйган, шу тариқа ўз илдизимизга ўзимиз болта урган бўлиб қолмайлик тағин. Бундан ташқари, қўшни ва қардош ўлкаларда қарийб 10 миллион ўзбеклар яшашини, улар ҳам бизнинг алифбони, ҳам ўзлари яшайдиган ўлка алифбосини тушуниб ўқишлари, ёзишлари учун умумтуркий лотин алифбосига қанчалар муҳтож эканимизни ўйлаб кўриш вақти келмадимикан?
Айрим ўзбек фильмларида баъзи бир ўзбек актёрларининг ўз шевасида гапириши, буни эса бир қисм томошабинлар «ҳа энди адабий тилда ҳаммаям тиниқ сўзлайвермайди, уни ўрганиш қийин, шевада сўйласа нима қилибди?» мазмунидаги гап-сўзларни айтганликлари, ҳатто ОАВ ва телерадио каналларида баралла айтганликларига ўхшатгим келади. Шу ўринда, бир пайтлар Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида ишлаган чоғимда дарсда шу масалани талабалар билан тортишганимизда айрим талабаларнинг худди шу мазмундаги эътирозига кўпчилик талабаларнинг «сизлар оқлаётган ўша актёрларнинг кўпчилиги рус, инглиз тилларида балодай сайраши-ю, она тилининг тамал тоши бўлган адабий тилда сўзлай олмаслигини қандай очиқлайсизлар?» деб қарши савол берганида актёрларни оқлаётган томон лом-мим дея олмай қолганини айтиб ўтишим керак.
Юқорида айтиб ўтилганидек, бирмунча ўзгартирилган янги ўзбек алифбосига ўтилса қанча-қанча чиқимлар бўлиши масаласига ҳам бироз тўхталиб ўтсам. Яқинда ҳамкасбим тарих фанлари доктори Фарҳод Мақсудов алифбонинг ўзгартирилишига қарши чиқаётганларга қарата «Тўғри, сиз айтганингиздек, анча-мунча чиқимлар бўлади. Бироқ бу бугунимизни ва келажагимизни яратишимиз учун қанча чиқим бўлса-да, ўзини оқлайди. Инсон боласи ўзи мансуб бўлган табиатдаги бошқа жонлилардан фарқли ҳолда қуруқ ўз қорнини тўйдириш ва наслини давом эттиришдан бошқа масалалар устида ҳам қайғуради. Яъни ҳар доим ҳам иқтисодий масалалар бирламчи бўлавермайди, ўзликни сақлаш деган масалалар бор. Агар инсонлар фақатгина қорин қайғусида бўлсалар эди, қайсидир бир иқтисоди кучсиз давлат шартта бошқа бир ўзига тўқ, бой давлатга қўшилиб олиб, ўзини унинг таркибидаги «фалончи вилоят» деб эълон қилар, аҳолиси эса юз доллар ойлик эмас, минг доллар олиб яшар эди» деган сўзларининг қанчалик тўғри эканини айтиб ўтишим керак. Бундан кўринадики, миллат билан боғлиқ миллий туйғулар, миллат обрўсини кўтариш учун спортга, санъатга, ялпи олганда, миллий маданиятни танитиш учун қанча чиқим қилса арзиганидек, тилимиз ривожи учун ҳадеб қанча маблағ кетишини олға суравериш қанчалик тўғри ?
Демак, биз ўзбек тилини халқаро мақомга кўтаришни ўз олдимизга буюк мақсад қилиб қўйган эканмиз биринчидан бизни тушунадиган, тушунишга интиладиган қардош халқларникига яқин алифбони танлашимиз, келажакда эса қардош халқлар билан биргаликда барчамиз учун тушунарли бўлган сўз ва атамаларни яратиш устида ишлашимиз керак бўлади.
Тарих фанлари доктори Ғайбулла Бобоёр
ЎзР ФА Миллий археология маркази Фанлараро тадқиқотлар бўлими бошлиғи
Изоҳ (0)