Конго республикасида ўтган президентлик сайловларида амалдаги давлат раҳбари Дени Сассу-Нгессо ғалаба қозонди. Бу ҳақда Конго ташқи ишлар вазирлиги ахборотига таяниб, «ТАСС» хабар берди.

Дени Сассу-Нгессо

Фото: «ТАСС»

Дени Сассу-Нгессо дастлабки натижаларга кўра 88,57 фоиз овоз олган, дея марказий сайлов комиссияси маълумотларини келтирган Agence France-Presse. Шу тариқа Конгода сайловларнинг иккинчи тури ўтказилмайдиган бўлди.

Навбатдаги ғалаба 77 ёшли Дени Сассу-Нгессо учун сиёсий фаолияти давомидаги тўртинчи сайловлардаги ғолиблик ҳисобланади. У Конгодаги ҳукмрон меҳнат партиясидан ўз номзодини илгари сурган. Сассу-Нгессо мамлакатда 1979 йил февраль ойида давлат раҳбарлигини қабул қилиб олган ва 1992 йилгача Конгони бошқарган. 1992 йилда у президентлик сайловларида мағлуб бўлган, бироқ 1997 йилда фуқаролар уруши тугаганидан кейин яна президентлик курсисига ўтирганди. Сассу-Нгессо Конгода давлат раҳбари сифатида 37 йилдан буён бошқариб келмоқда.

Бу сафарги сайловларда етти нафар номзод президентлик учун кураш олиб борди. Амалдаги давлат раҳбарининг асосий рақобатчилари мухолифат вакиллари ва собиқ вазирлар Ги-Брис Парфе Колела ва Матиас Зон эди. Сайловлар бошланишига уч кун қолганида Колеланинг коронавирусга чалингани маълум бўлди. 22 март куни сиёсатчи уни Конго пойтахти Браззавилдан Францияга олиб кетаётган тиббиёт самолётида вафот этган. Конго марказий сайлов комиссияси Колелага 7,84 фоиз сайловчилар овоз берганини хабар қилган. Конгода 2,5 миллион аҳоли сайлаш ҳуқуқига эга ва шундан 67,55 фоиз фуқаролар сайловларда иштирок этди.

2015 йилда умуммиллий референдумдан кейин қабул қилинган Конго республикасининг конституцияси бўйича президентлик муддати беш йилни ташкил қилади. Асосий қонунга кўра сайловларда ғолиб чиққан номзод яна икки марта қайта сайланиш ҳуқуқига эга. Дени Сассу-Нгессо 2016 йилда янги констиуцияга мувофиқ ўтказилган сайловларда ғалаба қозонган ва мухолифатнинг собиқ раҳбари Клемент Муамбага бош вазир лавозимини ишониб топширганди.