Ўзбекистон халқ ёзувчиси Худойберди Тўхтабоев 88 ёшида оламдан ўтди, деб хабар беради Ёзувчилар уюшмаси.

Фото: «Kitobxon.uz»

Худойберди Тўхтабоев 1932 йил 17 декабрь куни Фарғона вилоятининг Катта Тагоб туманида дунёга келган. У эрта етим қолиб, бобоси ва бувисининг қўлида тарбия топган.

«Arboblar.uz» сайтининг маълумотларига кўра, Худойберди Тўхтабоев 1949 йил Қўқон педагогика институтини, 1955 йил Тошкент давлат университетини (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университетини) тамомлаган.

Ижодий фаолиятини Фарғона вилоятидаги мактабда дарс беришдан бошлаган, кейинроқ ўқув ишлари мудири ва мактаб директори лавозимларида ишлаган

1958 йилдан Худойберди Тўхтабоев кейинги 14 йил мобайнида «Тошкент оқшоми», «Совет Ўзбекистони» газеталарида 300 дан ортиқ фельетонлари чоп этилган. Шунингдек, «Гулистон», «Шарқ юлдузи», «Гулхан», «Ғунча», «Ёш куч» журналларида, «Ёш гвардия» ва «Камалак» босма нашрларида ижод намуналари билан иштирок этган.

1958 йил қисқа вақт мобайнида унинг «Ёш гвардия», «Сир фош этилди», «Сеҳрли қалпоқча» каби китоблари омма эътиборига ҳавола қилинган. Кейинроқ «Омонбой ва Давронбой», «Сариқ девни миниб», «Йиллар ва йўллар», «Беш болали йигитча», «Қасоскорнинг олтин боши», «Сеҳргарлар жанги ёки ширин қовунлар мамлакатида», «Жаннати одамлар» каби китоблари чоп этилган.

Хорижий китобхонлар орасида Худойберди Тўхтабоев «Сеҳрли қалпоқча» эртак-қиссасининг рус тилига таржимаси (шунингдек, украин, француз ва бир қатор бошқа тиллар) билан танилган. «Сеҳрли қалпоқча» эртак-қиссаси — ёзувчининг рус тилига таржима қилинган биринчи китоби. Эртак-қисса 1970 йилги Бутуниттифоқ танловида энг яхши болалар китоби мукофотига лойиқ топилган.

Худойберди Тўхтабоевга Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, Ўзбекистон халқ ёзувчиси унвонлари билан тақдирланган.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йилда Шароф Рашидовнинг укаси, Ўзбекистон санъат арбоби, таниқли педагог олим, адабиётшунос ва таржимон Асил Рашидов 90 ёшида, адабиётшунос олим, филология фанлари доктори, профессор Санжар Содиқов 80 ёшида, ёзувчи, драматург, публицист, Ўзбекистон санъат арбоби Абдуқаҳҳор Иброҳимов 79 ёшида, журналист ва ёзувчи Сотволди Ражабов 74 ёшида, ёзувчи Мамадали Маҳмудов 79 ёшида оламдан ўтгани тўғрисида хабар берилганди.