Президент Шавкат Мирзиёев 18 март куни Чирчиққа амалга оширган ташрифи давомида шаҳардаги 35-уй, 45-хонадонда яшовчи Анифe Бектошова оиласида бўлди.

Кадр: YouTube

«Ўзбекистон 24» телеканалининг маълум қилишича, Анифeнинг икки ўғлидан бири бундан уч йил олдин бассейнга ноқулай сакраб умуртқаси, оёғидан қаттиқ лат еган. Хоккей билан шуғулланадиган яна бир ўғлининг ҳам оёғида муаммо бор.

«Биздан, тиббиётимиздан бирор ёрдам керакми? Сенга нима ёрдам бера оламиз?», — дея Президент йигитлардан бирининг соғлиғи билан қизиққан.

Йигит реабилитация учун ёрдам кераклигини, бироқ даволанишда асосан ўзи ҳаракат қилиши лозимлигини, соғайиши организмига боғлиқлигини таъкидлаган. Шу билан бирга, у даволанишига ёрдам беришга қодир мураббий топганини, бироқ унинг Тошкентдан келиб, 12 соат шуғулланиши 100 доллар эканини маълум қилган.

«Мураббий келсин, кейин Соғлиқни сақлаш вазирлигидан ҳам бирортаси келсин. У билан гаплашсин, доктор сифатида нима керак бўлса, ёрдам берсин», — дея топшириқ берган давлат раҳбари.

«Биз уни оёққа турғазиш учун қўлимиздан келганини қиламиз. Хорижга жўнатиш керак бўлса, масалан, Германияга — буни ҳам амалга оширамиз. Эртага бу ерга мутахассислар, институт директори ҳам келади. Бу аёл билан биз боғланамиз [мураббий— tahr.], қанча керак бўлса, шунча тўлаймиз. Хорижда реабилитация керак деса, униям йўлини қиламиз», — дейди Шавкат Мирзиёев.

Давлат раҳбари барчаси Худодан эканини, йигитга қўлдан келгунча ёрдам кўрсатилишини таъкидлаган.

Аввалроқ Шавкат Мирзиёев Чирчиққа ташрифи чоғида «Ифтихор» маҳалласи аҳолиси билан суҳбатлашгани, Президент шаҳар аҳолиси билан суҳбат давомида Чирчиқ шаҳрида «электричка» йўлга қўйилишини айтгани тўғрисида хабар берилганди.