Тошкент метрополитенининг «Чилонзор» йўлидан «Сергели» йўлига ўтиш жойида поездлар тўқнашиб кетди, дея хабар қилмоқда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги.
Маълум қилинишича, 18 март куни, тахминан, соат 20:10 ларда Тошкент шаҳар Чилонзор туманидаги «Олмазор» ерости метро бекатидан «Сергели» метро йўналишининг «Чоштепа» ерусти метро бекати томон ҳаракатланиб кетаётган 4 та вагондан иборат йўналиш таркиб (состав) техник сабабларга кўра тўхтаб қолган.
Оқибатда ушбу йўналишда ҳаракатланиб келаётган навбатдаги йўналиш таркиб(состав) тўхтаб турган вагонга бориб, енгил урилган. Маълум бўлишича, ҳодисада жабрланган ва ҳалок бўлганлар йўқ. Вагонларга ҳам катта зарар етмаган.
Шунингдек, «Сергели» метро йўналишининг воқеа содир бўлган қисмида ҳаракат вақтинча тўхтатилганлиги боис қолган таркиб (состав)ларнинг ҳаракати қўшимча (ёрдамчи) йўналиш бўйича давом эттирилган.
Ҳозирда ушбу йўналишда ҳаракатлар тўлиқ қайта йўлга қўйилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ФВБ, ИИБ ҳамда метрополитен ходимлари томонидан вагон ичидаги йўловчи фуқаролар хавфсиз жойга эвакуация қилинган.
Бундан ташқари воқеа жойига Тошкент шаҳар ФВБ раҳбарияти, ёнғин-қутқарув хизмати, туман ИИБ, прокуратура ҳамда Миллий гвардия ходимлари келган.
Ҳозирда вазият юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан терговга қадар суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Бундан аввал Тошкент ерусти ҳалқа метросининг «Дўстлик-2» бекати яқинида ҳосил бўлган дарча тўғрисида маълумот берилгани ҳамда Тошкентда 38 ёшли аёл ўзини метро рельсига ташлагани ҳақида хабар берилганди.
Изоҳ (0)