Сурхондарёда 55 ёшли шахс калтаклаб ўлдирилгани аниқланди, дея хабар бермоқда Тергов департаменти.
Қайд этилишича, 2021 йилнинг 10 март куни соат 15:20 ларда Жарқўрғон тумани ИИБга «Полвонлар юрти» МФЙда яшовчи 55 ёшли Э.Х. уйида тўсатдан вафот этганлиги юзасидан хабар келиб тушган.
Олиб борилган терговга қадар текширув ҳаракатлари давомида, 2021 йилнинг 9 март куни соат 19:30 ларда 39 ёшли М.Т. фуқаро Э.Х.ни маст ҳолатда яшаш уйига келаётганини кўриб, у билан жанжаллашиб, танасининг турли жойларига тепиб тан жароҳати етказиб, ҳодиса жойидан кетиб қолган.
Э.Х. ариқда йиқилиб ётганини қўшнилари кўриб уйига олиб бориб қўйган. Э.Х. олган тан жароҳатлари оқибатида вафот этган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жарқўрғон тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан М.Т.га нисбатан Жиноят кодексининг 104-моддаси 3-қисми «д» банди (жабрланувчининг ўлишига сабаб бўлган қасддан баданга оғир шикаст етказиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, процессуал тартибда ушланган.
Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Бундан аввал Тошкентда қайнанасига тан жароҳати етказиб, қайнатасига пичоқ урган эркак 5 йилга қамалгани, Самарқандда турмуш ўртоғини пичоқлаб ўлдирган шахс 9 йилга қамалгани ҳамда Самарқандда маст эркак танишининг бошига ароқ шиша идиши билан уриб, уни ўлдириб қўйгани ҳақида хабар берилганди.
Изоҳ (0)