Хакерлар бир нечта мамлакатдаги шифохоналар, полиция участкалари ва баъзи компанияларга ўрнатилган 150 мингдан ортиқ кузатув камераларига ҳужум қилиб, улардан фойдаланиш имкониятини қўлга киритди. Бу ҳақда Bloomberg News нашрига таяниб «Интерфакс» хабар берди.

Фото: Shutterstock

Ҳужум Verkada компанияси томонидан ишлаб чиқарилган видеокузатув камераларига уюштирилди, улар фойдаланувчилар томонидан интернет орқали бошқарилиши мумкин.

Bloomberg’га гўёки хакерлардан бири маълум қилишича, киберҳужум халқаро хакерлар гуруҳи томонидан видеокузатув тизимини бузиб кириш қанчалик осонлигини кўрсатиб қўйиш учун амалга оширилган.

Маълумотларга кўра, хакерлар Tesla’нинг Шанхайдаги фабрикалари ва омборларидаги 222 камерадан кадрлар олган ҳамда Cloudfare дастурий таъминотининг АҚШ ва Буюк Британиядаги етказиб берувчисига тегишли камералар, шунингдек, бир нечта шифохона, мактаб, қамоқхона ва полиция участкалари кузатув камераларига кирган.

«Ҳар қандай рухсатсиз киришнинг олдини олиш мақсадида биз барча администраторларнинг ички аккаунтларини ўчириб қўйдик», — деди Verkada вакили киберҳужумдан хабар топганидан кейин.

Унинг сўзларига кўра, компания ҳодиса юзасидан суриштирув олиб бормоқда.

Аввалроқ Microsoft хитойлик хакерларни АҚШ компанияларига ҳужумда айблаган эди.