Таиланд ҳукумати эпидемиологик вазият яхшиланаётган провинциялар рўйхатини кенгайтирди. Бу рўйхатга энди Пхукет, Лопбури, Чиангмай, Чианграй, Лампанг ва Транг каби машҳур сайёҳлик провинциялари киритилди, дея хабар беради Таиланд Туризм бошқармасига таяниб «Интерфакс».
«Таиланд ҳукумати мамлакатдаги вазиятнинг яхшиланиши сабабли карантин чекловларининг босқичма-босқич бекор қилинишини эълон қилди. ‘Яшил’ ҳудуд дея қайд этилган провинциялар сони ҳозирда 35 дан 54 тагача кўпайган. Унинг таркибига Лопбури, Чиангмай, Чианграй, Лампанг, Пхукет, Транг ва бошқа провинциялар қўшилди», — дейилади хабарда.
Бу ерда кўнгилочар жойлар, шу жумладан, паблар, барлар ва ресторанлар аввалги иш режимига қайтди. Мусиқа ва рақс оқшомларига рухсат берилади. Спа ва массаж салонлари, фитнес-марказлар ва бокс хоналари чекланган миқдордаги ташриф буюрувчилар билан қайта очилди. Спорт залларида мусобақалар санитария меъёрларига мувофиқ ўтказилиши мумкин.
Таиланд иқтисодиёти узоқ вақт давомида халқаро сайёҳлар етишмаслигидан қийналмоқда. Деярли бутун 2020 йил давомида мамлакатда чет элликларнинг кириб келишининг қатъий тартиби амал қилди. Оқибатда пандемия чекловлари сабаб бир қатор туризм соҳасидаги корхоналар инқирозга учради.
Bangkok Post хабарига кўра, 2021 йилда Таиланднинг иккита энг машҳур курортлари Пхукет ва Паттайя сайёҳларни қайта жалб қилиш учун реклама кампанияларини бошлади.
Таъкидланишича, 2021 йилда Таиланд 10 миллионга яқин чет эллик меҳмонларни қабул қилишга тайёр. Бир йил олдин у ерга 6,7 миллион чет эллик саёҳатчилар келган, бу 2019 йилга (40 миллион) нисбатан сезиларли даражада кам.
Бундан аввал Данияда коронавирус тарқалишининг олдини олишга қаратилган чекловлар 1 мартдан юмшатилиши, Украинада COVID-19 сабабли карантин муддати узайтирилгани ҳамда Грузияда карантин чекловлари олиб ташлангани ҳамда мамлакат 1 мартдан сайёҳларни қабул қилишни бошлагани ҳақида хабар берилганди.
Изоҳ (0)