Фарғонада дугонасининг сир сақланиши лозим бўлган фото ва видеоларини унинг турмуш ўртоғига кўрсатиш орқали қўрқитиб, пул талаб қилган қиз қўлга олинди, деб хабар беради Тергов департаменти.

Маълумотларга кўра, 20 февраль куни Фарғона шаҳар ИИО ФМБ бошлиғи номига 23 ёшли М.Ф. ариза билан мурожаат қилган. Аризада аёлнинг 23 ёшли З.Қ. исмли дугонаси сир сақланиши лозим бўлган фото ва видеотасвирларни унинг турмуш ўртоғига кўрсатмаслиги эвазига 1500 доллар талаб қилаётгани қайд этилган.

Мурожаат юзасидан ўтказилган тезкор-тадбир давомида Фарғона шаҳрида жойлашган «555» номли кафеда З.Қ. ва 21 ёшли М.И. товламачилик йўли билан М.Ф.дан 1500 долларни олаётган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.

Мазкур ҳолат юзасидан Фарғона шаҳар ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан қизларга нисбатан Жиноят кодексининг 165-моддаси 2-қисми «в» банди (товламачилик) билан жиноят иши қўзғатилиб, гумон қилинувчи тариқасида жалб қилинган.

Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Аввалроқ Фарғонада эркакнинг «ишқий саҳналари»ни тарқатмаслик учун 2 минг доллар талаб қилган аёл ушлангани тўғрисида хабар берилганди.