Россиянинг «Норникель» кон-металлургия компанияси эгаларидан бири Владимир Потанин миллиардерлар бойлигини реал вақтда кузатиб борувчи Forbes Real Time рейтингига кўра, Россиянинг энг бой одамлари рўйхатида биринчиликдан иккинчи ўринга тушди. Бу ҳақда Meduza хабар берди.
Айни пайтда Forbes Потаниннинг бойлигини 28,9 миллиард долларга баҳоланмоқда. Унинг ўрнини 29,2 миллиард долларлик активлари билан «Северсталь» компаниясининг эгаси Алексей Мордашов эгаллади.
15 февраль куни Forbes Потаниннинг бойлиги 30 миллиард доллардан ошгани ҳақида хабар қилганди. Шу тарзда Потанин тарихда бундай катта бойликка эга бўлган илк россияликка айланган.
20 февраль куни 20 февраль куни Норильск фойдали қазилмаларни бойитиш фабрикаси цехларидан бирининг биносида қулаш содир бўлди. Бир неча кундан сўнг, тошқин туфайли «Норникель»га қарашли иккита кон фаолиятини қисман тўхтатди. 20—24 февралда юз берган воқеалар фонида «Норникель» акциялари ҳар бирининг нархи 28,1 мингдан 24,7 минг рублгача тушди.
Аввалроқ Tesla ва SpaceX компаниялари раҳбари Илон Маск бир кеча-кундузда 15 миллиард доллар йўқотиб, дунёнинг энг бой одами мақомидан маҳрум бўлган эди. Tesla акцияларининг баҳоси 8,6 фоизга пасайиши туфайли бизнесменнинг бойлиги 183 миллиард долларга тушди. Таъкидланишича, бунга тадбиркорнинг биткоин нархига билдирган муносабати сабаб бўлиши мумкин.
Изоҳ (0)