Наманганда собиқ «Самарқанд» совхози ҳудудида жойлашган чиқинди полигони ёпилди. Бу ҳақда «Дарё» мухбири Азизбек Абдувалиев хабар бермоқда.
1989 йилдан бери фаолият юритиб келган полигон 13 гектар майдонни эгаллаган. Олдинлари Наманган тумани таркибида бўлган ҳудуд кейинчалик Наманган шаҳрига ўтган ва ён-атрофида хонадонлар қурилиб, «Мустақилликнинг 5 йиллиги» маҳалласига асос солинган. Маҳаллий аҳоли чиқиндихонага яқинлик ва бу ерда тарқалаётган бадбўй ҳидлардан азият чекиб келаётганди.
«Ҳозирда полигонга чиқинди олиб келиш тўхтатилган. Ҳудудга тупроқ тўкилиб, рекултивация ишлари олиб борилмоқда. Кейинчалик бу ердан турли мақсадларда фойдаланиш, манзарали дарахтлар экиб, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш мумкин», — дейди Республика ихтисослаштирилган корхоналар бирлашмаси полигонлар бўлими бошлиғи Тоҳир Нурбоев.
Нурбоевнинг айтишича, вилоятнинг Тўрақўрғон туманида, аҳолидан чекка ҳудудда янги полигон ишга туширилмоқда. Бу ерда кейинчалик чиқиндиларни қайта ишлайдиган завод ҳам барпо этилади.
Маълумот учун, Наманганда аҳолини маиший чиқиндиларни ташиш хизмати билан 100 фоиз қамраб олиш, чиқиндиларни қайта ишлаш даражасини эса ҳозирги 13 фоиздан жорий йил якунида 38 фоизгача етказиш режалаштирилмоқда.
Изоҳ (0)