Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси базасида ташкил этилган «Олимпик» клуби бош мураббийи Темур Кападзе «Футбол +» дастурида жамоанинг ташкил этилиши ва ундан кўзланган мақсадлар ҳақида фикр юритди.
Мутахассиснинг таъкидлашича, клуб терма жамоа футболчиларини тўлиқ қамраб олмайди ва етакчи ўйинчилар ўз жамоасида тўп сураверади. «Олимпик» жамоасига Суперлига ва Про-Лига клубларининг ўринбосарлар таркибида қолиб кетаётган футболчилар жалб қилинмоқда. Яъни, ўз жамоаси асосий таркибида тўп сурадиган етакчи футболчилар «Олимпик»да ўйнамайди.
Шунингдек, ўз клуби билан амалдаги шартномага эга футболчилар ижара асосида «Олимпик»да тўп суради.
Кападзенинг таъкидлашича, жамоа ўз олдида Про-Лигада юқори ўринларни қўлга киритиш мақсадини қўйган, бироқ бу биринчи даражали вазифа эмас
«Натижага эътибор қилиш керак, бу интилиш учун ҳам керак. Аммо Суперлигага чиқа олмасак, бу катта фожиа бўлмайди. Раҳбарият ҳам олий дивизионга чиқишга ҳаракат қилишимиз кераклигини айтмоқда. Бу нормал ҳолат, раҳбарият бу вазифани қўймаса, мен қўяман. Йигитларда интилиш бўлади, бу ўсишга ёрдам беради», — дейди Кападзе.
Эслатиб ўтамиз, Миллий Олимпия қўмитаси (МОҚ) таклифи билан «Олимпик» клуби ташкил қилинди ва клуб 2021 йилги мавсумдан бошлаб Про-Лигада иштирок этишини белгиланди. Ушбу жамоада Ўзбекистон олимпия терма жамоасига номзод футболчилар ҳаракат қилади.
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @Daryo_Sport24’га обуна бўлинг!
Изоҳ (0)