«Дарё» «Муҳожирлар ҳаёти» лойиҳаси доирасида хорижда меҳнат қилаётган ўзбекистонликларнинг ҳаётини ёритишда давом этади. Бу галги қаҳрамонимиз — тўрт йилдан бери Туркияда ишлаётган 44 ёшли муҳожир аёл.
Суҳбатдошимизнинг илтимосига кўра, унинг исм-шарифи ҳамда шахсини ошкор этиши мумкин бўлган бошқа маълумотлар ўзгартирилди.
Эрим гиёҳвандлиги учун ажрашганман
Уйдагиларим 19 ёшимда турмушга узатишган. Бир йил ўтиб қизли бўлганмиз. 22 ёшимда ўғлим дунёга келган. Мен келин бўлиб тушган хонадоннинг барча аъзолари жуда яхши инсонлар эди. Аммо эрим...
На ишларди, на уйдагиларга тинчлик берарди. Бу ҳам етмагандай, гиёҳвандларга қўшилиб қолди.
Ҳар куни уруш, жанжал... Киноларда гиёҳвандларнинг уйи қандай бўлса, бизники ҳам ундан қолишмасди. Ҳаммасига кўз юмиб, болаларим учун оиламни сақлаб қолишга кўп ҳаракат қилдим, аммо... Охири сабр косам тўлди. Кўзимни чирт юмдим-да, болаларимни олиб, уйдан чиқиб кетдим.
Очиғи, кетганимдан кейин эрим балки ўзгарар, даволаниб, бизни олгани келар, деб умидимни узмадим. Афсуски, у ёмон одатларини ташламади. Кўп ўтмай қамалиб кетди.
Шундан сўнг фарзандларим билан қизлик уйимда яшай бошладим. Алҳамдулиллаҳ, яхшиям, ота-онам бор экан. Оғир кунимда қўллаб-қувватлашди, далда бўлишди.
Болаларим учун кучли бўлишим керак эди...
Ўзим хоҳлаб, тиббий ўқув муассасасининг фармацевтика йўналишига киргандим. Битиришим билан уйдагиларим турмушга бериб юборгани учун ишлолмагандим.
Қизлик уйимга қайтиб келганимдан кейин ҳам уйда ўтирдим. Фарзандларимга қарадим, турли курсларга бордим. Тикувчига шогирдликка тушдим. Компьютерда ишлашни ўргандим. Хуллас, умримнинг икки йили шу зайлда ўтди.
Бир куни дадамга йўналишим бўйича ишлаб, болаларим келажаги учун ўзим ҳам ҳаракат қилмоқчилигимни айтдим. Улар розилиги билан тумандаги дорихонада ишлай бошладим.
Тўғри, ойлик кам эди, лекин болаларим кичкиналиги ва ота-онам ёрдам бериб турганлари учун кам-кўстимизга етарди.
Қайтиб оила қуришни истамадим
Турмуш ўртоғим билан расман ажрашмагандим, чунки яна бирга яшаб кетишимга ҳали ҳам умид қилардим. Шу умид билан уни тўққиз йил кутдим. Эрим қамоқдан чиқди. Минг афсуски, у заррача ҳам ўзгармаганди. Охири ўзим ариза бериб, расман ажрашдим.
Шундан кейин оила қуришни умуман истамадим, ўйламадим ҳам. Биргина ниятим болаларимни ҳеч кимга ўкситмай, оёққа турғизиш бўлди.
Бор вақтимни уларга сарфладим. Ишдалигимда ота-онам, укам қарарди. Уйга келганимдан кейин ўзим яна дарслари билан шуғулланардим.
Фарзандларимнинг тарбиясига, ўқишига жуда қаттиқ турдим. Кези келганда ота каби қаттиққўл, она каби мулойим бўлдим. Чунки одамлар отаси йўқ экан, тарбияси қандай бўларди, деб гапиришларини истамадим.
Аллоҳга шукр, ҳаракатларим бесамар кетмади. Болаларим жуда тарбияли, одобли бўлиб вояга етди. Ота-онамнинг ёрдамлари билан катта қизимни турмушга узатдик.
Ўғлимни ўқитиш учун Туркияга ишлашга кетдим
Ўғлим болалигидан тиришқоқ, зеҳни ўткир эди. Унинг билимли инсон бўлиб, ҳаётда ўз ўрнини топишини истардим. Ўшанда коллежда ўқиётган вақт эди. Институтга тайёргарлик кўриши керак. Репетиторларда ўқитиш ҳам осонмас. Мабодо, контрактга кирса, уни тўлашим лозим.
Менинг ойлигим эса еб-ичишдан ортмас, ёрдам бериб турадиган ота-онам аллақачон пенсияга чиққанди.
Ўша пайтлари бир таниш аёл Туркияга ишга чақирганди. Ҳар тарафлама ўйлаб, Туркияга ишга кетишга қарор қилдим. Аммо уйдагиларим бошида қаршилик қилишди.
Туркияда ёмон аёллар ишлайди, борганларни ҳам йўлдан уришади, деган гапларни эшитдим. Тўғриси, ўзим ҳам бошида қўрқдим. Лекин мени ишга чақирган аёл таниш, алдаб кетадиган аёл эмас эди. Ота-онамга вазиятимни тушунтириб, розиликларини олдим. Аллоҳга таваккал қилиб, Туркияга ишлашга келдим.
Мусофирчиликда кўп қийналдим
Сабаби умуман тил билмасдим. 22 кун давомида битта уйдан чиқмай, турк тилини ўргандим. Мулоқот қилишни бошлаганимдан кейин бир оилага энага бўлиб ишга кирдим. Вазифам олти ойлик болага қараш ва уй ишларини қилиш эди. 600 доллар атрофида ойлик олардим.
Ўша хонадонда яшардим. Яхши оила эди. Менга ҳам яхши муносабатда бўлишар, мен ҳам қизалоққа ўзимнинг набирамдек қарардим. Бу уйда бир ярим йилдан кўпроқ ишладим. Бу орада қизалоқ ҳам анча катта бўлиб қолди. Унга қараш, қолаверса, уч этажли уй ишлари мени анча чарчатиб қўйди. Ишдан бўшадим.
Бир мунча вақт дам олиб, яна бир хонадонга ишга кирдим. Мусулмон оила, мазҳабимиз ҳам бир хил. Айрим урф-одатлари бизникига ўхшаб кетади. Уйда барча шароитлар бор. Хонадонда яшаб, 91 ёшли ҳожи онага қарайман. Ҳафтада бир кун дам оламан. Маошим 500 доллар атрофида.
Ҳеч ким Туркияга келибоқ ёмон бўлиб қолмайди
Кўпчилик юртдошларимиз Туркияда ишлаётган аёлларни ёмон, хулқи бузуқ деб ўйлайди. Тўғри, бу ерда ўзбек аёллари орасида яхшиси ҳам, ёмони ҳам бор. Лекин Туркияга келибоқ, ҳеч қайси аёл ёмон бўлиб қолмайди. Ватанида ўзи ахлоқи бузилган бўлади ва бу ерда ҳам ўша ишини давом эттиради. Ундайлар билан биз дўст ҳам, суҳбатдош ҳам бўлмаймиз.
Бироқ болам-чақам деб келиб, қийин шароитларда ишлаб, ҳалол пул топаётган муслима аёлларимиз жуда кўп. Аксарияти мен каби оилаларда энага, тикувчи, сотувчи, уй тозаловчи, ҳамшира бўлиб ишлайди.
Самарқандлик, қўқонлик аёллар билан опа-сингил бўлиб олганмиз. Дам олиш кунларимиз кўришиб турамиз. Баъзан ижарада турадиган дугоналаримизникига бориб, ош қилиб еймиз.
Болаларнинг ўқиши учун пул аямаслик керак экан
Укам анча йиллар олдин Англияда ўқиб келганди. Шундан бери ўғлим «аяжон, Худо хоҳласа, мен ҳам катта бўлсам, чет элда ўқийман», дерди. Унда ёши кичкиналиги учун унча эътибор бермасдим.
Улғайса-да, бу истаги сўнмади. Ўқишга тайёргарлик кўриб юрган пайтлари ҳам хорижга топширмоқчиман деб айтиб юрди.
Лекин ўзим мусофир бўлганимга ўғлимни ҳеч узоққа юборгим келмади. Чунки Туркияга келган ёшлар, айниқса, ўғил болалар жуда қийналарди. Йигитларга иш топиш қийин, топса ҳам, ойлиги оз. Бошқа жойларда ҳам шунақа, шекилли, деб ўйлаб, чет элга чиқмайсиз, ўзимизда ўқийсиз, ўғлим, деб рози бўлмадим.
Фарзандим гапимга кўниб, вилоятдаги университетга ҳужжатларини топширди ва контрактга кирди. Ўқиш давомида ҳам «аяжон, барибир бир куни Англияга кетаман», деб юрди.
Охири бобо-бувисини, укамни кўндирибди. Укам менга қўнғироқ қилиб, ўғлингиз бу ерда барибир ўқимаяпти, «ёшлигимда бориб, ўқиб келай, балки онамга фойдам тегар», деяпти. Рухсат беринг, бориб, кўриб келсин. Кейин келиб, ўқишини давом эттираверади, деб айтди.
Оилавий маслаҳатлашдик. Боламнинг орзуларига тўсқинлик қилгим келмай, охири кетишига рози бўлдим.
Излаган имкон топаркан
Ўғлим университетдан академик таътил олиб, IELTS’га тайёрланишни бошлади. Беш ой кейин топшириб, IELTS’дан 5,5 балл олди. Англияда ўзбек талабаларни университетга киришига ёрдам берувчи агентлик кўмаги билан Лондондаги олийгоҳга қабул қилинди.Ўзбекистонга бориб, ўзим ўғлимни кузатиб келдим.
Тушундимки, ҳеч қачон боланинг ўқиши учун пулни аяш керак эмас экан. Фарзандингиз билимли, ақлли инсон бўлишини истаб, ўзингиз ҳам шунга яраша шароит яратиб берсангиз, келажакда натижасини кўравераркансиз.
Англияга борган пайти пандемия бошланиб қолди. Шунинг учун иш тополмади.
Бир тарафдан ўзим ҳам хоҳламадим. Чунки ўғлим ишлашга эмас, ўқишга борган. Мен қўлимдан келганича у ўз йўлини топиб олгунича қўллаб тураман.
Куёвни яхшилаб суриштириш керак экан
Қизимни бир неча йил олдин турмушга берганмиз.
Узатаётганда бўлажак куёв ўзи ишлаб пул топадими ёки ота-онаси боқадими, оиласидагилар қандай одамлар, деб яхшилаб суриштирдик. Укам ўзи билан гаплашди.
Авваллари, бизнинг пайтимизда, ота-онаси яхшими, боласи ҳам яхши бўлади деб суриштирмасдан, бериб юбораверишган. Ҳозир ҳаммаси ўзгарган. Яхши одамларнинг фарзанди ҳам ноқобил бўлиши мумкин экан. Бола эртага оилани олиб кета оладими, қизимни бахтли қила оладими деб яхшилаб ўйлаб, гаплашиб, кейин турмушга бердик. Аллоҳга шукр, оиласи тинч, иккита фарзанди бор.
Ота-онамнинг туғилган кунини Туркияда нишонладик
Туркияга ишлагани келганимдан бери ота-онам қандай жой, қандай ишлаяпти, қийналмаяптимикин, деб доим хавотир бўлишарди.
2019 йил ёз ойларида укам билан маслаҳат қилиб, аяжоним ва дадажонимнинг туғилган кунларига Туркияга саёҳат йўлланмасини совға қилдик.
Ота-онам келди, аэропортда ўзим кутиб олдим. Ишимдан 10 кун рухсат олиб, бутун Истанбулни айлантирдим. Денгизга олиб бордим. Масжидларни бирга зиёрат қилдик. Қиз минорасини кўргилари келганди. У ерга ҳам олиб бордим. Туғилган кунларини меҳмонхонада зўр қилиб нишонладик.
Ота-онам жудаям хурсанд бўлишди. Уйга қайтишаётиб, Туркия жуда яхши жойлар экан, ўзбеклар кўп экан, энди хотиржам бўлдик, дейишди.
Биласизми, ота-онам жудаям яхши инсонлар. Доимо уларга суянганман. Лекин ҳозир жуда қариб, қаёққа етакласак, индамай борадиган бўлиб қолишган. Гоҳида болам-чақам деб югуриб, ота-онамизнинг дуоларини олишимиз кераклигини унутиб қўямиз.
Уч йилдан сўнг Ўзбекистонга қайтаман
Хорижга ишга кетишимнинг асосий сабаби ўғлимнинг ўқишига молиявий тарафдан ёрдам бериш эди. Аллоҳга шукр, ниятимга етдим.Ҳозир биринчи босқични тамомлади. Фарзандимнинг нияти бакалаврни битириб, магистратурани ҳам Англияда ўқиш. Ундан сўнг бир мунча вақт ишлаб, Ўзбекистонга қайтади.
Менинг ниятим эса ўғлим ўқишини тамомлаб, Ўзбекистонга қайтса, уйлаймиз. Унгача Туркияда яна уч йилча ишлаб, уйларимизни таъмирлаб олсак, уйимга бутунлай қайтаман. Яхши келин олиб, уларнинг дуосини қилиб ўтираман. Иншааллоҳ, ўша кунларга етказсин.
Хонзодабегим Аъзамова суҳбатлашди
Мавзуга доир:
- «Ўзбекистонда ойига 500 доллар топиш учун ё кунига 20 соатлаб ишлаш, ёки бировнинг ҳаққини ейиш керак». Россияда ишлаётган 19 ёшли муҳожир йигит ҳикояси
- «Ўқимаганимда эди, ҳаёт шу экан деб юраверардим». 9 йилдан бери Россияда ишлаётган ўзбекистонлик муҳожир ҳикояси
- «Кореяда ишлаб, кунига 100-200 доллар топаман деб ўйлаётганлар адашади». Жанубий Кореяда ишлаётган ўзбекистонлик муҳожир йигит ҳикояси
- «Россияга қарзларимдан қутулиш учун қочиб келганман». Наманганлик муҳожир йигит билан суҳбат
- «Ўзбекистонга қайтиш ниятим йўқ эди, аммо...». Ойига 1500 долларлик даромадли ишини ташлаб, ватанига қайтган чироқчилик муҳожир йигит ҳикояси
Лойиҳада иштирок этишни истаган муҳожир юртдошларимиз Telegram’даги @daryomuxbiri’га мурожаат қилишлари мумкин.
Изоҳ (0)